Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Нукус туман бўлими, ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фирибгарлик ҳолати фош этилди.
Нукус шаҳар қурилиш бошқармасининг собиқ мутахассиси Н.К. фуқаро Р.Б. ишончига кириб, унга 8,5 миллион сўм эвазига юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 июндаги «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги фармони асосида автосервис очиш учун ер майдони ажратиб беришини ваъда қилган. Жорий йилнинг 8 апрель куни соат 17:35 да Нукус шаҳрида фуқаро Р.Б.дан келишилган пулни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ушланди. Ундан кимёвий ишлов берилган 8,5 миллион сўм пул ашёвий далил тариқасида олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туман бўлими томонидан фуқаро Н.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА