Шароф Рашидов ва ижодкорлар тасвирланган ноёб сурат ҳозир қаерда?

Сўнгги бир асрлик тарихимизнинг энг мураккаб даврида республикамизга раҳбарлик қилган халқимизнинг фидойи фарзанди Шароф Рашидов ҳақида турли китоблар, кўплаб мақолалар ёзилган, ижодий фаолияти хусусида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилган, ҳужжатли фильмлар яратилган. Дарҳақиқат, буюк давлат арбоби ва беназир ижодкор ибратли ва мазмунли умр кечирди, эл-юрт фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилди.

Шароф Рашидовнинг Зарафшон воҳасида Навоий кон-металлургия комбинатини ташкил этиш, бепоён Қизилқум бағрида Навоий, Зарафшон, Учқудуқ сингари шаҳарларга асос солинишидаги фидойилиги бугун ҳам мустақил мамлакатимиз иқтисодий ривожи, халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида таниқли рассом Ренан Емельянович Виконинг матога чизилган “Менинг замондошим” номли асари ноёблиги билан санъат ихлосмандларини ўзига жалб этиб келади. Мазкур асар бундан 40 йил муқаддам, яъни 1977 йилда яратилган бўлиб, унда ўтган асрнинг 70-йилларида Ўзбекистон адабий ҳаётида катта из қолдирган 18 нафар шоир ва ёзувчининг боғдаги ижодий суҳбати тасвирланган. Асарнинг яратилиши ва унинг Навоий шаҳрига келиб қолиш тарихини аниқлаш мақсадида кўплаб инсонлар билан суҳбатлашишга тўғри келди. Узоқ йиллар “Фарҳод” маданият саройи фойесини безаб турган, 2008 йилдан кутубхонага ўтказилган бу асар кўплаб ижодкорлар, адабиёт ихлосмандлари ҳайратига сабаб бўлган. Негаки, асарда ўзбек адабиётининг зарбардаст намояндалари тасвирланган. Биз асар муаллифи тўғрисидаги маълумотларни турли манбалардан излаб кўрдик. Интернетда Р.Виконинг ҳаёт йўли ва ижоди тўғрисида қисқача маълумот топишга муяссар бўлдик.

Ўтган асрнинг 20-йиллари охирида Россиянинг Оренбург вилояти Бузулук шаҳарчасида туғилган мусаввирнинг исмини ота-онаси яхши ният билан таниқли француз тарихчиси ва филологи Жозеф Эрнест Ренан шарафига қўйишган. У дастлаб болалар мусиқа мактабининг скрипка синфида таълим олган бўлса, кейинчалик расм чизиш тўгарагига қатнай бошлаган. Р.Вико урушдан кейинги оғир йилларда, аниқроғи, 1947 йили Тошкентга келади ва рассомлик билим юртига ўқишга киради. Кўп ўтмай ота-онасини ҳам Ўзбекистонга, қариндошлари яшайдиган Фарғона шаҳрига кўчириб келади.

Ренан Вико айниқса портрет жанрида сермаҳсул ижод қилган. Унинг кўплаб асарлари энг нуфузли музейларда сақланмоқда. Р.Вико Шароф Рашидов билан яқин таниш бўлган. Рассом Шароф Рашидов икки марта Меҳнат Қаҳрамони бўлганда унинг портретини жуда маҳорат билан тасвирлай олган. У ўз хотираларида Шароф Рашидовни билимдон, нозик дидли зиёли сифатида таърифлайди. Ўзбекистонда 52 йил истиқомат қилган Р.Вико “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига ҳам сазовор бўлган. Рассом 1999 йилда Россиянинг Липецк шаҳрига кўчиб кетади ва айни пайтда Липецк давлат техника университетининг Архитектура кафедраси профессори сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Биз рассомнинг уй телефони рақамини топишга, у киши билан боғланишга муяссар бўлдик ва узоқ суҳбат қилдик. Шу аснода асарнинг яратилиши, “Фарҳод” маданият саройига келиб қолиш тарихи ойдинлашди.

Мусаввирнинг айтишича, 1977 йилда Навоий кон-металлургия комбинати директори А.Петров Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройи учун Ўзбекистоннинг ўша даврдаги машҳур шоир-ёзувчилари сиймоси туширилган асар яратиш хусусида ўз фикрларини Р.Викога баён этади. Рассомга суратнинг эскизини тайёрлашда ўша пайтда республика Ёзувчилар уюшмасида ишлаётган Рамз Бобожон ва Уйғун яқиндан ёрдам беради. Улар сурат эскизини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Комил Яшинга олиб боришади. Комил Яшин эса, ўз навбатида, уни Шароф Рашидовга кўрсатиб, фикрини сўрайди. Табиийки, республика раҳбари бу таклифни тўла қўллаб-қувватлайди. Кейинчалик Шароф Рашидов Ўзбекистонга собиқ марказ томонидан берилган “Халқлар дўстлиги” орденини топшириш маросими тасвирланган асарни кўриш учун ташриф буюрганида “Менинг замондошим” асарини ҳам кўради ва катта маҳорат билан ишланганини эътироф этади.

Ренан Виконинг қайд этишича, асарни яратиш жараёнида ҳар бир персонаж билан алоҳида шуғулланишга, характеридан тортиб, ёзган асарларигача ўрганишига тўғри келган. Масалан, атоқли шоира Зулфия билан бир неча марта учрашгани, опанинг улкан адиб бўлиш билан бирга, ниҳоятда самимий ва дилбар аёл бўлганини алоҳида таъкидлади.

Асар барчага манзур бўлади ва тезда довруғ қозонади. 1977 йилда “Фарҳод” маданият саройига келтирилади. Шундан буён у қимматли асар сифатида шу ерда сақланиб келган.

Асар марказида Шароф Рашидов, унинг ёнида халқимизнинг севимли шоираси Зулфияхоним, забардаст ижодкорлар Комил Яшин, Миртемир, Мирмуҳсин, Ўлмас Умарбеков, Асқад Мухтор, Туроб Тўла, Иброҳим Раҳим, Ибройим Юсупов, Рамз Бобожон, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Уйғун, Шевердин ва Саид Аҳмад тасвирланган. Рассом ушбу тасвир орқали Шароф Рашидов нафақат юртнинг фидойи раҳбари, айни пайтда ижод аҳлининг ғамхўр сардори эканини ҳам кўрсата олган.

Жорий йилда буюк давлат арбоби ва атоқли адиб таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан “Менинг замондошим” асари Жиззах шаҳрида ташкил этилган Шароф Рашидов уй-музейига берилди. Энди асл жойини топди. Мазкур асар музейдаги энг нодир экспонатлардан бири сифатида бу ерга ташриф буюрувчиларни ҳайратга солишда давом этади.

Холмамат Раупов,

тарих фанлари номзоди, доцент.

 

ЎзА