Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда 2017-2018 ўқув йили учун 10-синфга қўшимча қабул танлов асосида ўтказилмоқда. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган даъвогарлар нафақат таълим олиш учун қабул қилинади, балки 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили муносабати билан эълон қилинган акция доирасида имтиёз ва преференцияларга ҳам эга бўлади.

Мазкур акция Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва Тошкентдаги Инҳа университети томонидан ўтказилмоқда.

Мактабнинг 10-синфида ўқиш учун кириш имтиҳонларида иштирок этиш истагидаги ўқувчилар ҳужжатлари 2018 йил 6 январгача қабул қилинади. Кириш синовлари доирасида барча даъвогарлар мактаб дастури бўйича физика, математика ва инглиз тили фанларидан ёзма имтиҳон топширади. Улардан энг яхшилари нафақат мактабга қабул қилинади, балки қатор имтиёзларни ҳам қўлга киритади. Хусусан, ойлик йўл чиптаси ва ўқиш давомида фойдаланиши учун шахсий компьютер ҳам тақдим этилади. Шунингдек, ўқувчилар Тошкентдаги Инҳа университети ўқитувчилари томонидан ўтказиладиган физика, математика ва инглиз тили бўйича қўшимча дарсларда ҳам иштирок этиши мумкин.

Президентимизнинг 2017 йил 14 сентябрдаги «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган мактабда ахборот технологиялари бўйича мутахассисларнинг ёш авлоди тарбияланмоқда. Ўқув муассасаси фаолияти истеъдодли ёшлар вакилларини аниқлаш ва уларга ўз салоҳиятини намоён этиши учун барча шароит ҳамда имкониятлар тақдим этиш имконини беради. Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари математика, физика, информатика ва чет тилларини чуқур ўрганмоқда, дастурлаш кўникмасини ўзлаштирмоқда, маълумотлар базасини яратиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлашга оид бошланғич билимларга эга бўлмоқда. Ўқув синфлари ва аудиториялар энг замонавий техника ва ускуналар билан таъминланган бўлиб, бу машғулот вақтида таълим жараёнининг сифатини оширишга хизмат қилувчи илғор ахборот ва педагогик технологияларни қўллаш имконини беради.

 

Роман Бондарчук, ЎзА