Қирғизистон Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонасида «2017 йилда Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлиги ҳамда 2018 йилда ушбу алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари» мавзуида брифинг ташкил этилди.

Унда Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дониёр Сидиқов ва бошқалар Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигининг янги босқичи ва уни янада тараққий эттириш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида журналистларга маълумот берди.

2017 йил мамлакатларимизнинг ўзаро муносабатлари ривожида тарихий давр бўлди. Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари шу йилнинг ўзида олти маротаба учрашди. Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро, парламентлараро ва идоралараро ташрифлар амалга оширилди. Ишбилармон доиралар иштирокида бизнес-форумлар, миллий маҳсулотлар кўргазмалари ўтказилди. «Тошкент – Андижон – Ўш – Иркиштом – Қошғар» йўналиши бўйича биринчи халқаро автокарвон муваффақиятли ташкил этилди. Чегарадош ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилгани азалдан қавму қариндош бўлган халқларимизнинг борди-келдисига кенг йўл очди.

Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларда муҳим ўрин тутади. Жорий йилда Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Қирғизистон театр ижодкорлари Ўзбекистонга, ўзбекистонлик санъаткорлар Қирғизистонга ижодий сафарлар уюштирди. Самарқандда бўлиб ўтган «Шарқ тароналари» халқаро фестивалида қирғизистонлик санъат усталари иккинчи ўринни қўлга киритди. Яқинда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» доимий экспозицияси иш бошлади.

Брифингда таъкидланганидек, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбековнинг 2017 йил 13-14 декабрь кунлари мамлакатимизга амалга оширган илк ташрифи «Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё – бош устувор йўналиш» тамойилининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Ташриф доирасида эришилган келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги ишонч ва ҳамкорлик юксак даражада тараққий этаётганидан далолат беради.

Шу йил 23 декабрь куни “Эйр Манас” авиакомпаниясининг “Бишкек – Тошкент – Бишкек” дастлабки рейсининг очилиш маросими бўлди. «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўлини қуриш бўйича келишувларни амалга ошириш мақсадида 25-27 декабрь кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой вакилларидан иборат ишчи гуруҳнинг учинчи мажлиси ўтказилди.

2018 йилда барча соҳалар сингари савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, товар айланмасини 500 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Юртимизда Қирғизистон маданияти ва санъати кунларини ўтказиш, Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш кўзда тутилган.

Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида самарали ҳамкорлик муҳити шаклланди. Бир йил ичида ўн йилларга татигулик муваффақиятларга эришилди. Буларнинг барчаси икки давлат раҳбарларининг халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қаратилган оқилона сиёсати самарасидир.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА