Яқин ўтмишимиз тарихидан
Абдулла Жалилнинг «Қўқон фожиаси» номли мақоласини ўқир, яратилган санасига кўз ташлар эканмиз, ҳайратга тушдик. Ёзувчининг сабр-тоқатига, матонатига қойил қолдик. Мақолага 1989 йил 8 июнь – 2015 йил 8 май санаси кўйилган. Қаранг, бир мақолани ёзиб тугатиш ва эълон қилиш чорак асрдан кўпроқ, яъни йигирма олти йил давом этибди.
«Қўқон фожиаси» рўй берганига чорак асрдан кўп вақт ўтди. Собиқ иттифоқ ички ишлар вазирлигининг ички қўшинлари Қўқонда тинч аҳолини қирғин қилган эди. Бундай қирғинлар мустабид шўро давлати томонидан ўтган асрнинг йигирманчи йилларида ҳам амалга оширилган. Ўшанда ҳам Қўкон қонга ботирилган эди. Бу фожиаларнинг бутун тафсилотларини тўлиқ билмасдан туриб, бугунги мустақил давлатнинг ёш фуқароси мустақиллик ва истиқлол қадрини қандай ҳис эта олади? Ким эдигу ким бўлдик? Ҳар бир одам бунинг мазмун-моҳиятига етиши керак.
«Ўзбек халқининг виждони пок. Фарғона воқеалари ўзбек халқининг иродаси билан содир бўлмади. Бу воқеаларга тутуриқсиз ва ғаразли мақсадларни кўзлаб, ким қандай бўёқ бермасин, тарих, албатта, ўзининг адолатли хукмини чиқаради. Байналмилалчилик, меҳмондўстлик, яхшилик, қалб саховати ҳамиша ўзбек халқига хос фазилат бўлиб келди. Халқимиз ҳеч қачон бошқа халқларга нисбатан душманлик кайфиятида бўлмаган. Бу қадимий ва ҳозирги тарихимиздан олинган кўпгина мисоллар билан исбот қилинган».
1989 йил 7-8 июнь кунлари Қўқон шаҳрида рўй берган фожиалар ўрганилди. Қўқонда нафақат Туркистон, балки жахон тарихига кирадиган ваҳшиёна қирғин амалга оширилган. Қўқон фожиаси шўро давлати ва унинг буюк миллатчи, шовинист раҳбарларининг террорни давлат терроризми даражасига кўтарганликлари, бунга сиёсий тус берганликларининг яққол исботидир.
Бу фожиада рўй берган воқеалар ҳақида фақат тахмин билан гапирилган ва ёзилган эди. Эндиликда биз матбуотда ёритилган мақолалардан фожиа иштирокчиларининг аниқ гувоҳликларига эгамиз. Шунингдек, ярадорлар ва бошқа жабрдийдалар берган маълумотлар ҳам ҳолатни аниқ ифодалаб турибди. Қўқон фожиаси ҳақида бор ҳақиқатни халқимиз билиши шарт. Қуқон қирғинида қанча одам отиб ўлдирилган? Қанча одам ярадор қилинган? Халққа буни очиқ-ойдин айтмаслик адолатдан бўлмасди. Уларни айтмаслик Собиқ иттифоқ даврида шўро давлати томонидан қилинган оғир жиноятларни беркитиш билан баробардир.
Маълумки, ўша машъум кунларда матбуотда Қўқон воқеасида ўн беш киши ҳалок бўлди, деган хабар тарқатилган. Аслида, ўша кунлардаёқ ўлганларнинг сони мингдан ошиқ эканлиги тўғрисида миш-мишлар тарқалган эди. Воқеани аниқ ўз кўзи билан кўрган ва унда иштирок этган кишиларнинг айтганларида ҳақиқат бор. Мен фожиа тафсилотларини ўрганар эканман, наманганлик бир муаллима аёл билан танишиб қолдим. Такдир тақозосини қарангки, унинг синглиси Қўқонга келин бўлиб тушган экан. Фожиа рўй берган кундан бир кун олдин у синглисини кўргани боради. Наманганга қайтиб улгурмасидан шаҳарда тўс-тўполон бошланиб кетади. Қўқонга ташқаридан ҳеч кимни киритишмайди ва чиқаришмайди ҳам. Натижада Салима Қўқонда қолиб кетади ва воқеани ўз кўзи билан кўради. У кўрганларини куйидагича баён қилиб берди:
«1989 йил 7 июнь куни шаҳар устида ҳарбий вертолётлар тез-тез айлана бошлади. Улар жуда паст учаётган эди. Ҳатто вертолёт учувчилари, унинг пулемётлари ҳам яққол кўриниб турарди. Улар тез-тез ўзидан тутун бурқситиб турган шарларни пастга ташларди».
Ушбу воқеалар хусусида мен куйидаги фикрларимни билдириб ўтмоқчиман:
1. Фарғона вилоятидаги месхети турклари билан ўзбеклар ўртасидаги зиддият малакали мутахассислар томонидан олдиндан жуда пухта режалаштирилган ва амалга оширилган. Бу жуда катта сиёсий иғвогарлик ва сиёсий найрангбозликдир. Уни бир гуруҳ юқори мартабали совет ҳарбийлари ва махсус хизмат маҳкамаларининг ходимлари аниқ мақсадлар асосида ишлаб чиқишган. Иғвогарликни амалга оширувчи кишилар зарур маблағлар, транспорт ва техника воситалари, ўзбек миллий кийимлари билан таъминланган. Миллий низони келтириб чиқаришда, айниқса, монтаж қилинган фотосуратлар, видеокассеталар кенг кўлланилган. Бундай дахшатли фотосуратларни оддий фотографлар ишлай олмайди.
2. Миллий асосда сиёсий иғвогарлик пухта ҳамда кенг кўламдаги тарғибот ва ташвиқот билан ниқобланган. Ниқобнинг икки жихати бор:
а) бир томонлама ахборот бериш, реал воқеалар ҳақида лом-мим демаслик;
б) жабрланганларга сиёсий, камситувчи ва тахқирловчи тамғалар ўйлаб топиш ҳамда ёпиштириш; шу йўл билан жамоатчиликни чалғитиш.
3. Расмий кишиларнинг ҳақиқатга ўхшаган ёлғон интервьюларини уюштириш. Қўқонда режалаштирилган иғвогарликни амалга оширишда матбуотдан фақат тарғибот учунгина эмас, балки бевосита иғвогарликни ташкил этишда ҳам фойдаланилган.
Масалан, 1989 йил 7 июнь куни эрталаб Риштон тумани радиоси орқали хабар берилди. Унда ахоли Қўқонда бўладиган митингга даъват этилган эди.
Бундан кўринадики, Фарғона вилоятининг бошқа туманларидан одамлар Қўқонга ўз-ўзидан келишмаган. Улар Қўқонга қасддан, атайин даъват этилган. Бундан икки мақсад кўзланган:
1. Турли ижтимоий-сиёсий талаблар билан чиқаётган бегуноҳ одамларни айбдор қилиб, қамоққа олиш ва овозини бўғиш.
2. Улардан фойдаланиб, Қўқонда иш олиб борган турк Ватанга қайтиш ҳаракати марказини қўрқитиб, тарқатиб юбориш.
Хўш, бундай сиёсий иғвогарликлар кимга керак эди? Уни нима сабабдан, қандай мақсадларда амалга оширишди? Бу хақда бор гапни лўнда, ошкора айтмок; жоиз. Чунки ҳақиқат қарор топиши керак.
1. Ўзбекистонга бошқа республикалардан партия, совет, маъмурий органларга юборилган бир гурух буюк миллатчилик, шовинистик кайфиятдаги юқори мартабали рахбарларда халқ орасида юзага келаётган норозиликларни бўғиш истаги туғилган эди. Улар маҳаллий халқнинг тобора кўпайиб бораётган талаблари, кун сайин кучаяётган норозиликлардан чўчишди. Бу уларнинг сиёсий билими камлиги, маънавий қашшоқлигидан далолат эди. Улар имон ва эътиқодга муҳтож эди. Чунки улар сталинизм даврининг маъмурий буйруқбозлик мактаби таълимини олишган, турғунлик йилларида эса амалий тажриба тўплаган эди.
Шунинг учун ҳам ўзбек халқининг пахта ва пилла бахосини ошириши, республикамиз суверенитетини тиклаш, она тили, тарих, маданият тўғрисидаги талаблари уларни гангитиб қўйди ва уларнинг ана шундай қонли йўлни танлашига олиб келди.
2. Энг асосий сабаблардан бири пахта якка ҳокимлигини тугатиш муаммоси эди. Ўзбек халқи ўзи қашшоқ яшаб, ҳар йили давлатга миллиардлаб сўм фойда келтирарди. Ана шу мўмай фойдадан куруқ қолиш хавфи юзага келганди. Табиийки, бунинг олдини олиш лозим эди.
3. Ўзбек халқи сунъий кўчиришнинг моҳиятини англаб етди. Чунки халқимизнинг билим савияси ошди, уни алдаб бўлмай қолди. Ҳар йили четдан республикамиз шахарларига ўн минглаб кишилар кўчириб келтирилиб, навбатсиз уй ва иш билан таъминланаётган эди. Шундан сўнг ўз Ватанида беватан ва ишсиз ўзбеклар кўпая бошлади. 1988 йилнинг иккинчи ярмида Фарғонага четдан 12 минг 278 киши кўчириб келтирилган. Фарғонага туташ Тошлокда эса ўша вақтда 14300 нафар ишсиз бор эди. Сунъий кўчириш эса ўта яроқсиз иллат. Халқ буни баралла гапира бошлади. Четдан «импорт», «экспорт» қилинган яроқсиз раҳбарлар эса ташвишга тушиб қолган эди. Шунинг учун зимдан бунинг олдини олишга киришилди.
4. Сиёсий иғвогарликдан Собиқ иттифоқ ички ишлар органлари манфаатдор эди. Нега дейсизми? Чунки саксонинчи йилларга келиб, мамлакатда уларнинг амалий иш қобилияти жуда пасайиб кетган. Уларга жанговарлик, тезкорлик, юксак малака етишмай қолди. Жиноятчилик ўсиб кетди. Шўро давлати қайта қуриш туфайли уларга талабни кучайтира бошлади. Улар эса талабни бажаришга қодир эмас эди. Шунинг учун Ўзбекистон ССР ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Э.А. Дидоренко сингари «ишбилармон ва устомон» генералларга ўз камчиликларини, ишдаги нуқсонларни, нўноқлик ва савиясизликни ниқоблаш қулайроқ эди. Бунда миллий асосдаги сиёсий иғвогарлик жуда қўл келарди. Негаки бундай иғвогарлик жуда таъсирчан, шов-шувли бўлиб, уни ташкил этиш осон эди. Шунингдек, ишдаги барча камчиликни ана шу миллий низоларга тўнкаш мумкин бўлиб, бу сувдан қуруқ чиқиш имконини берарди. Бундан ташқари, ана шундай «миллий асосдаги низолар»ни бостиришда арзон ва сохта шухрат қозониш, йўқ бўлиб кетган эътиборни оз бўлса-да, тиклаш йўли топиларди. Миллий низо чиқаришда чор мустамлакачилари жуда уста бўлиб кетган эди. Икки халқ вакилларини уриштириб кўйиб, ўртада ҳакамлик роли эгалланарди. Бундай йўл билан ҳар икки халқни тиз чўктириш мумкин эди. Ушбу низонинг яна бир фойдали томони шунда эдики, бир-бири билан чиқиша олмайдиган икки халқ бирлаша олмасди. Бу мустамлакачиларга энг зарур ва кераклиги бўлиб, уларни жуда қизиқтирарди. Мазкур усул ўшанда қўл келганди. Чунки халқнинг ижтимоий-иқтисодий талабларидан эътиборни бошқа нарсага жалб қилиб чалритиш зарурияти туғилган эди.
Собиқ шўро давлатининг ички ишлар органлари миллий низони келтириб чиқаради, дейишга асослар бор. Улар куйидагича:
а) миллий низони ташкил этишда ўзбек миллий кийимлари кийдирилган бошқа миллат вакиллари ишга солинган эди. Хўш, улар кимлар эди? Ўзбек миллий кийимларини кийиб олган бошқа миллат вакилларини Фарғонага ким юборди? Ким уларни маблағ билан таъминлади? Ички ишлар органидан ташқари бирорта ташкилот бундай ишни қила олмайди.
Ана шу даврда О.И. Гайданов республика прокурорининг ўринбосари бўлиб ишларди. Прокуратурага юқоридаги разил хатоларни хаспўшлаш учун нимадир қилиш лозим эди. Унга ҳам тўсатдан чиққан миллий низо айни муддао бўларди. Негаки 500 кишининг ноҳақ қамалиб, турмаларда йиллаб азоб тортгани учун, агар ҳақиқат ва адолат бўлса, битта-иккита эмас, ўнта айбдор генерални ҳам ўша захоти қамоққа олиб, тергов бошланиши лозим эмасми? Генерал Э.А. Дидоренко «Человек и закон» журналининг 1989 йил 2-сонида босилган «Ким кимни енгади: мафиями ёки биз?» мақоласида бундай дейди: «…Ички душман билан курашмоқ ташқи душман билан курашмокдан кўра қийинроқ».
Кўриб турибсизки, генерал Э.А. Дидоренко республикамизда биз ҳозир таҳлил этаётган Фарғона ва Қўқон фожиалари рўй бермасдан анча илгарироқ; «ички душманлари»ни ҳам аниқлаб кўйган эди.
Бу генераллар бекорга матбуотга қаттиқ ёпишиб олмаган эди. Ишни эплай олмагач, энг қулай иш ўз-ўзини «камтарлик» билан тарғиб қилиш эди. Бу жиноятларни очишдек қийин ва мураккаб ишлардан кўра анча осонроқ эди. Шу сабабли улар Москвада чиқадиган марказий нашрларда тез-тез кўрина бошлади. Ишга кўпроқ сиёсий тус бериш, вахима қилиш, ҳолатни мураккаб қилиб кўрсатиш керак эди.
Собиқ иттифоқ прокуратураси «Ўзбеклар иши», «Пахта иши» деб номланган таҳқирловчи тўқима жиноятлар бахонасида минглаб кишиларга асоссиз жиноий иш қўзғади. Кейинчалик минглаб кишилар оқланди, минглаб кишилар қамоқдан озод қилинди. Уларга миллион-миллион сўм товон тўланди.
Биз юқорида миллий асосда режалаштирилган сиёсий иғвогарлик пухта тарғибот ва ташвиқот билан пардаланган, дедик. Буни исбот қилишга ҳожат йўқ, аслида. Чунки ўзбек халқига нисбатан туҳмат ва ёлғон маълумотларга тўла материаллар республика ва марказий нашрларда тўлиб кетган эди. Биз улардан бир нечтасини келтириб ўтамиз ва жонли гувоҳ сифатида туҳматлигини исботлаймиз.
Масалан, В.Белихнинг «Труд» газетасида босилган «Фарғона. Кеча ва эртага» мақоласини олайлик. Унда Қўқон шаҳрида қуролланган экстремистлар тўдаси «Туркларни бўғиб ўлдирамиз. Лениннинг авлодлари – русларни бўғиб ўлдирамиз. Яшасин Ислом республикаси бўлган Ўзбекистон ва Оятулло Хумайний» деган жумлалар бор эди. Бу фақат туҳматгина эмас, балки учига чиққан авантюра ҳамда ўтакетган даражадаги ёлғон ва тўқимадир.
Ўзбек халқи азалдан байналмилалчи халқ. Биз барча халқларни севамиз ва ҳурмат қиламиз. Ҳатто Фарғонадаги фожиали кунларда ҳам ҳаёт буни исбот қилди. 1989 йил 17 июль куни бир гуруҳ фаоллар, матбуот ходимлари Наманган вилоятидан Фарғонага борган эдик. Бизни бўлган воқеани ўз кўзимиз билан кўриш учун юборишган эди. Комсомол посёлкасида шундай манзарани кўрдик. Юзлаб одамлар бунга гувоҳ бўлди. Ёндирилган туркларнинг ҳовлилари ўртасида у ер бу ерда бус-бутун ҳовлилар турарди. Уларнинг дарвозасига бўр билан «Бу ерда руслар яшайди», «Бу ерда татарлар яшайди» деб ёзиб кўйилган бўлиб, уларга ҳеч ким зарар етказмаган эди. Борган кунимиз ана шу ҳовлилардан рус, татар аёллари чиқиб, бизга нима бўлганини гапириб беришди. Ҳатто туркларнинг русларга туташ уйлари ҳам ёнган эди.
«Огонёк» журналининг 29-сонида босилган А.Головконинг «Кўланка» («Затмение») мақоласи сиёсий иғвогарлик тарғиботининг мукаммал намунасидир. Кейинчалик билсам, бу ерга бошқа вилоятлардан фаолларни ёндирилган посёлкани кўриш учун жўнатишган экан. Бундан кўзланган мақсад, халк, назарида чиндан хам турклар посёлкасини ўзбеклар ёндирган деган тушунчани мустахкамлаш эди. Бу маккорлик бўлиб, аслида, посёлкани четдан келган жиноятчилар ёқишган эди.
Фарғона вилоятига «миллий асосдаги низо» бахонаси билан Собиқ шўро давлатининг йигирма мингга яқин ички қўшин аскарлари киритилди. Улар қандай вазифани бажаришлари керак эди? Амалда улар нима ишлар қилишди? Уларнинг бедодликлари оқибатида юзлаб бегуноҳ одамлар ўлдирилди, ярадор қилинди.
Ички кўшинларни олиб киришдан даъво қилинган, кўзланган мақсад Фарғонада осойишталик ўрнатиш эди, Ички кўшинлар яна бўлиши мумкин бўлган қотилликлар, тўполон ва тартибсизликларнинг олдини олишлари, аҳолини тинчитишлари кутиларди. Аслида, матбуот хабарларидан маълумки, Фарғона месхети турклари билан «низо» чиққан пайтда кўп одам ҳалок бўлган эди. Ички кўшинлар эса ундан кўпрок; одамни отиб ўлдирдилар ва ярадор қилдилар. Бундан ташқари, яна уч юздан ортиқ бегуноҳ инсон жиноий жавобгарликка тортилди.
Агар ҳар бир ўлган, ярадор бўлган, қамалган кишилар ҳисобга олинса, бу беш юз кишидан ортади. Биз бу ерда ўлганлар ва ярадорлар ҳақида расман эълон қилинган энг кичкина рақамларни кўзда тутмокдамиз, холос. Жуда кўп ярадорлар эса тартибсизликда иштирок этгансан, дея жазолашларидан кўрқиб, поликлиника ва касалхоналарга боришмаган.
Майли, биз энг оз рақамлар устида мулоҳаза юритайлик. Агар ўлган, ярадор бўлган, қамалган беш юзга яқин одамни назарда тутсак, уларнинг оиласи, бола-чақаси борлигини ҳам ҳисобга олишга тўғри келади. Бунда Фарғона вилоятидан «миллий асосдаги низо» бахонасида берилган зарба фақат фарғоналикларга эмас, балки бутун халқимизга моддий ва маънавий жихатдан катта шикаст етказганлигини тасаввур қилиш мумкин.
Бу деган сўз юзлаб етимлар, бевалар, қаровсиз қолган оилалар ва болалар демакдир. Шунингдек, бу – юзлаб келажаги йўқ қилинган ва бадном этилган кишилар демакдир. Бу Фарғона ёки Қўқон фожиаси эмас, балки бутун ўзбек халқининг фожиаси, кулфати ва мусибатидир. Шунинг учун ҳам мазкур сиёсий иғвогарликни фош этиш масаласида аввал ҳам, бугун, қолаверса, келажакда ҳам ҳеч қандай келишув ва муроса қилиш мумкин эмас. Нега деганда, бу мустақил Ўзбекистонимизнинг яқин ўтмишдаги тарихидир. Буни ҳозирги ва келажак авлодлар тўлиқ билишлари лозим.
Ички кўшинлар Қўқонда осойишталикни таъминламади. Балки улар вазиятни сунъий равишда кескинлаштирди. 7-8 июнь кунлари Қўқондаги собиқ Ленин номли майдонда тинч ўтирган одамлар, тинч аҳолининг вертолёт ҳамда ердан туриб тикка отилиши мислсиз жиноятдир. Бу шўро давлатининг давлат терроризми бўлиб, ички қўшинларнинг аҳолини тинчитиш эмас, жазо гурухлари сифатида уларни бостириш учун келганини яққол кўрсатди.
Қўқонда аҳоли буткул ҳимоясиз қолди. Майдонда саросимага тушиб қочган кишиларнинг кўпчилиги орқасидан отиб ўлдирилди ва ярадор қилинди. Энг ёмони шундаки, ана шу жойда маҳаллий фирқа ва шўро ташкилотларининг раҳбарлари ҳам бор эди. «Эчкига жон қайғу, қассобга ёр қайғу» деганларидек, улар отилаётган одамларни эмас, кўпроқ амални ўйлашди. Қонли воқеанинг устида бўла туриб, лом-мим дея олишмади. Отилаётган одамларни қонга беланган шифокорлардан бошқа ҳеч ким пана қилмади. Шу воқеадан кейин Қўқонда дунёнинг ҳали бирор жойида бўлмаган пасткашлик рўй берди. Бир гурух шахар раҳбарлари ҳамда ҳақиқатни бўяб ёзган мухбирлар «Жасорати учун» медалига тавсия қилинди ва уларга медал топширилди. Агар дунёда макр ва риёкорлик учун бериладиган мукофот бўлса, бу мукофот ана шундай мукофот эди.
Агар ер юзида заррача адолат бўлса, бу одамларга қаттиқ жазо берилиши лозим бўларди. Модомики, фараз қилайлик, Қўқонда ғалаён кўтарилган бўлса, бу шахарда оммавий-сиёсий, тарбиявий ишларнинг бўш ташкил этилганлиги, аҳоли билан етарлича ғоявий иш олиб борилмаганлигини кўрсатмасмиди? Бу ахоли талаблари ўрганиб борилмаганлигини ифодаламайдими? Бу – уларнинг турли соҳаларда ижтимоий эҳтиёжлари қондирилмай келинганлигини билдирмайдими? Агар бунга мантиқан баҳо берадиган бўлсак, Қўқон шаҳар раҳбарлари қандай қилиб медалга сазовор бўлишлари мумкин? Бу мукофот эмас, балки уларнинг кўрганларини кўрмаганликка олиб туришлари учун кўзларига тўсилган пардадир! Балки бу уларнинг билганларини айтмасликлари учун оғизларига тикилган ипдир! Бундан бошқача бўлиши мум-кин хам эмас.
Фарғона вилоятида, хусусан, Қўқон шаҳрида сиёсий иғвогарлик ташкил этган кимсалар ҳамма ишни пухта қилишган. Бироқ улар асосий масалада янглишган эди. Улар халқимизнинг ҳозирги билим даражаси, дунёқараши кенглигини ҳисобга олмади. Ҳамма нарса пинҳонлигича қолиб кетади, деб, чучварани хом санаган эди. Афсуски, уларнинг бу шум нияти фожиаларнинг дастлабки кунларидаёқ фош этилди. Собиқ шўро давлати ўз ниятига етолмади. У ўз оёғига ўзи болта урди. Шўро давлати Ўзбекистонда амалга оширган миллий асосдаги қонли иғвогарликни турли кўринишларда бошқа қардош республикаларда ҳам ташкил этган эди. Натижада унинг ўзи барҳам топди ва буткул таназзулга юз тутди.