Нукусда “Обод ва хавфсиз маҳалла” кўрик – танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири С.Турманов давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони маҳаллаларда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизимни жорий этишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Тадбир Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Жисмоний тарбия ва спорт, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Асосий мақсад, жойларда фидокорона меҳнат қилаётган ва юқори натижаларга эришган фуқаролар йиғинлари ходимларини, профилактика инспекторлари ва бошқа давлат органлари, фуқаролар жамияти институти вакиллари меҳнатини муносиб тақдирлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошираётган илғор иш тажрибаларини республика миқёсида татбиқ этишдан иборат.

Ғолибларни аниқлашда маҳалла ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилмаганлиги, оилаларда соғлом муҳит шакллангани, кўркам ва қулай инфратузилма яратилганлиги, аҳолининг тадбиркорликка жалб қилиниши, фуқаролар бандлигини таъминлаш, томорқадан унумли фойдаланиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳимоя ордерларини қўллаш, профилактик ҳисобда турган, гиёҳванд ва ичкиликка ружу қўйган шахслар, нотинч оилалар билан ишлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида Амударё тумани “Қиличбой” овул фуқаролар йиғини биринчи, Қўнғирот тумани “Қумбиз” маҳалла фуқаролар йиғини иккинчи, Тахтакўпир тумани “Тахтакўпир” овул фуқаролар йиғини учинчи ўринларни эгаллаб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совға билан тақдирланди.

Шунингдек, “Энг фидойи маҳалла раиси”, “Энг фаол профилактика инспектори”, “Ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича энг маҳоратли ўринбосар” , “Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалари бўйича энг фаол ўринбосар” “Маҳалла раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маҳоратли маслаҳатчиси” ,  “Маҳалла раисининг ёшлар масалалари бўйича энг жонкуяр маслаҳатчиси”  “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш бўйича энг маҳоратли мутахассис” , “Ибратли хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссия раиси”, “Профилактика инспекторининг энг фаол ёрдамчиси” каби қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.

– Кўрик-танловда “Энг фаол хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори” номинацияга лойиқ кўришганидан хурсандман, – дейди Кегейли тумани Ички ишлар бўлими Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори Сапаргул Бердишова. – Келажакда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишда маҳаллалар билан янада яқин ҳамкорликда ишлаймиз.

Ҳар бир номинация ғолиблари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев,  

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА