Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари У.Бегимқулов 2 март куни Тошкентдаги “Hyatt Regency» меҳмонхонасида Ҳиндистон маданий алоқалар бўйича кенгаши президенти Винай Сахасрабуддхе билан учрашди.

Ўзбекистонда 1944 йилдан бошлаб ҳинд ва урду тиллари соҳасида мутахассислар тайёрлаб келинади. Бугунги кунда юртимизда Ҳиндистоннинг иккита олий ўқув юрти – Тошкент шаҳридаги Aмити университети филиали ва Aндижон шаҳридаги Шарда университетининг ахборот технологиялари ва менежмент соҳасидаги филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасида олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Винай Сахасрабуддхе Ҳиндистон Ўзбекистон билан малакали кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини таъкидлар экан, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида илмий ва педагогик алоқаларни кучайтиришга тайёр эканини билдирди.

Вазир ўринбосари У.Бегимқулов Ҳиндистоннинг Жамия Миллия университетидаги Ўзбек тили ва маданияти марказининг муваффақиятли фаолиятини эътироф этиб, бундай марказларни Ҳиндистоннинг бошқа етакчи олий ўқув юртларида, жумладан, Жавоҳарлал Неру университетида ҳам йўлга қўйишни таклиф қилди. Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкор бўлишга ва марказни ташкил этишда яқиндан ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

Музокаралар якунида икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида кимё, энергетика, машинасозлик, саноат технологиялари, ирригация ва сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика каби йўналишларда малакали кадрлар тайёрлашда ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.

Ҳиндистон маданий алоқалар бўйича кенгаши президенти Винай Сахасрабуддхе 3-4 март кунлари Самарқанд шаҳрига ташриф буюриши кўзда тутилган. Унинг доирасида Самарқанд давлат университети ва Самарқанд давлат чет тиллари институтида музокаралар ўтказиш режалаштирилган.