Аёлни дунёдаги энг яхши сифатлар билан улуғласак ярашади. Ахир у она, мунис опа-сингил, меҳрибон қиз. Улар зиммаларидаги вазифаларини бор меҳри билан бажараётгани учун ҳам ҳаёт давом этмоқда.

Бироқ аёллар орасида ҳам адашган, қинғир йўлларга кириб қолганлари ҳам йўқ эмас. Инсонийлик қадрияти эса адашганни кечириш, унинг тўғри йўлга тушиб олишига имкон беришни тақозо қилади. Бу хусусият эса айнан халқимизга хос.

Турли сабаблар билан жиноят йўлига кириб қолганлар, айниқса хотин-қизларга ана шундай бағрикенглик тамойили мунтазам қўлланиб келинмоқда.

Олий судда жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 16 нафар маҳкума аёлнинг кассация тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилди.

Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов раислигида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисларида ҳар бир аёлнинг кассация тартибида берган аризаси қонун доирасида батафсил ўрганилди.

Маҳкума аёллар жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жазони ўташ жараёнида ўзининг ижобий жиҳатларини намоён этиб, муассаса раҳбариятининг ташаккурномасини олгани эътиборга олинди.

Оғир жиноятларни содир этган маҳкума аёллар қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳолда Президентимиздан, халқимиздан кечирим сўради.

Судда иши кўрилган Ш.Сувонова аслида 2025 йил 9 сентябрда озодликка чиқиши керак эди. У Тожикистондан гиёҳвандлик моддасини контрабанда йўли орқали олиб келишга буюртма бериб, келтирилган 9,6 килограммдан зиёд “опий”ни хонадони ертўласига яшириб қўйган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўтказган тезкор тадбирда эса ушбу ҳолат фош этилган. Шу тариқа манфур режа охирига етмаган. Қарийб ўн килограмм гиёҳвандлик воситаси сотилганида минглаб одамлар оғу билан заҳарланган бўларди.

Жазони ижро этиш муассасасида бундай жиноят содир қилган шахсларга қилмишларининг оқибати тушунтирилиб, зарур тарбиявий ишлар олиб борилади. Хатосидан тўғри хулоса чиқарган шахсларгина муддатидан олдин озодликка чиқарилиши учун тавсиялар берилган.

Суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда кафолат хатлари инобатга олиниб, 14 нафар аёлнинг тайинланган жазолари енгиллаштирилиб, жазодан озод қилинди. Улар оиласи, яқинлари бағрига қайтди. Шунингдек, 2 нафар маҳкума аёлга тайинланган жазолар енгиллаштирилди.

Тадбирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова иштирок этиб, судда кўрилган ишлар бўйича ўз фикрини билдирди. Бундай тадбирлар инсонпарварлик намунаси эканини эътироф этди.

Озодликка чиқарилган аёлларнинг келгуси ҳаёти, уларнинг ишга жойлашиши, жамиятда ўз ўрнини эгаллаши борасида кўмаклашиш зарур. Омбудсман бу жараёнларни мониторинг қилиб боради.

Норгул Абдураимова, ЎзА