Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳалар менежери Паул Шумахер «Оролбўйида экологик йўналтирилган минтақавий тараққиёт» лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда вазирликнинг Медиа-ахборот маркази маълум қилди.

Мазкур лойиҳа Оролбўйи ҳудудини барқарор трансчегаравий экологик ҳамда иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга эришишда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматларига кўмак кўрсатишга қаратилган.

Қиймати 8 миллион еврони ташкил қилувчи тўрт йиллик мазкур лойиҳа экологик ва ижтимоий жиҳатларга салбий таъсирларни минималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда иқтисодий ривожланишга комплекс ёндашув асосида амалга оширилади.

– Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятининг аграр секторида ишлаётган қишлоқ аҳолиси Орол фожиаси оқибатларидан жуда азият чекмоқда, – таъкидлади вазир Жамшид Хўжаев. – Шу боис Оролбўйи ҳудудида экологик йўналтирилган минтақавий ривожланиш биз учун жуда муҳимдир.

Янги лойиҳанинг концепцияси «2030 йилгача қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси»нинг «Аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги» ҳамда «Қишлоқ жойларни ривожлантириш» сингари асосий устувор йўналишларига мос келади, шунингдек БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳам акс эттиради.

Консалтинг хизматларини кўрсатиш, рақамлаштириш, геоахборот тизими, масофавий зондлаш, трансчегаравий ҳамкорлик кабилар Янги лойиҳанинг асосий таркибий қисмларидир.Шу қаторда биз қозоғистонлик қўшниларимиз билан маълумот алмашиш учун очиқмиз. Ишончим комилки, ушбу лойиҳа ва бизнинг ўз ривожланиш режаларимиз барчамизга кучли синергик самара ва натижаларга эришишга имкон беради.

 

ЎзА