Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимида ЎзАнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича фотомухбири Мақсад Ҳабибуллаевнинг ижодий асарларидан иборат «Кумуш қиш» номли онлайн фотокўргазмаси ташкиллаштирилди.

Мазкур кўргазмадан фотомухбирнинг 40 дан ортиқ қиш мавсумининг ўзига хос бетакрор манзараларини ўзида мужассам этган асарлари ўрин олган. Кўргазмани ташкиллаштиришдан асосий мақсад, намойиш этилаётган фото асарлар орқали юртимизда қиш мавсумининг ўзига хос, инсонларни ҳайратга солувчи манзараларини кўрсатиш орқали халқимиз, қолаверса ёш авлодда Ватанга,  табиатга бўлган муҳаббат,  фахрланиш ва ҳурмат туйғусини уйғотишдан иборат.

 

 

Мақсад Ҳабибуллаев 1998 йили Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг журналистика бўлимини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1999 йили Қорақалпоғистон радиоканалида муҳаррир, Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармасида матбуот котиби, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида катта илмий ходим, бўлим мудири лавозимларида фаолият кўрсатган. 2012 йилнинг декабрь ойидан буён Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича  фотомухбири бўлиб ишлаб келмоқда.

 

 

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси М.Ҳабибуллаев ўз услубига эга фотомухбир. Унинг  халқ хўжалигининг ҳар хил соҳаларидан тайёрланган қизиқарли фоторепортажлари  кўпчиликнинг эътиборини қозонган. Айниқса,  ижодкорнинг Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, тиббиёт, маданият, таълим, спорт ва бошқа соҳалардаги янгиланишлар, Оролбўйининг ўзига хос табиати, қорақалпоқ халқининг миллий урф-одати ва анъаналари тўғрисидаги фотолавҳалари кенг жамоатчиликда яхши таассурот қолдиради.

 

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА