Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, таниқли физик, профессор Бахтиёр Абдукамолов таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, фан арбоблари, нуронийлар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов сўзга чиқиб, Бахтиёр Абдукамолов номига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан йўлланган табрикни ўқиб эшиттирди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан олим Бахтиёр Абдукамолов “Ардоқли нуроний” кўкрак нишони билан тақдирланган эди. Тадбирда ушбу мукофот ўз эгасига тантанали тарзда топширилди.

 

 

Б.Абдукамоловнинг илмий-педагогик фаолияти Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети билан боғлиқ. У 1978 йилда университетнинг Рентген нурлари ва металлар физикаси кафедрасида ассистент сифатида иш бошлаган бўлиб, кафедра мудири, физика факультети декани, университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори лавозимларида фаолиятини давом эттирди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ўрта махсус таълим бошқармаси бошлиғи, университетнинг ўқув ишлари, ахборот технологиялари бўйича проректори, физика, техника факультетлари декани, умумий физика кафедраси мудири лавозимларида меҳнат қилди. Ҳозирги вақтда университет Нуронийлар Кенгаши раҳбари.

Узоқ йиллар қаттиқ жисмлар физикаси соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориб, университетда электрон микроскопияси, рентген тузилмалик анализ, рентген дифрактометрияси лабораторияларини ташкил этди.

Тадбирда меҳмонлар эътиборига “Қорақалпоқфильм” киностудияси томонидан суратга олинган олимнинг ҳаёти ва илмий-педагогик фаолияти ҳақидаги “Мевали дарахт” ҳужжатли фильми намойиш этилди. Санъат усталарининг концерт дастури тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.

 

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА