Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти музейида Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Бердақ номидаги республика мукофоти совриндори Муратбой Низановнинг 70 йиллигига бағишлаб “Кўп қиррали иқтидор эгаси” номли тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда адабиётшунослар, ёзувчи ва шоирлар, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълим даргоҳларининг педагог ҳамда ўқувчилари иштирок этди.

Таъкидлаш жоиз, Муратбой Низановнинг “Ўзга сайёрада етти кун”, “Ақчагул”, “Охират уйқуси”, “Душман”, “Ошиқ бўлмаган ким бор”, “Муҳаббат қўшиғи” каби 40 га яқин китоби қорақалпоқ ва ўзбек китобхонлари қалбидан чуқур жой эгаллаган. Ёзувчи қаламига мансуб “Танк”, “Ўғри”, “Курорт”, “Қўшнилар” номли бадиий фильмларини кўплар севиб томоша қилган. Шунингдек, қатор драматик асарлари театр саҳнасида намойиш этилган.

Иштирокчилар даставвал Муратбой Низановнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильмни томоша қилди. Фильмда ёзувчининг болалик давридан бошлаб, унинг журналистика, кинематография, нашриёт соҳаларида қилган салмоқли хизматлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Фильм намойишидан сўнг Муратбой Низанов билан самимий суҳбат ташкил этилди. Ёзувчи ёшларни қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб қайтарди.

Таассуротларга бой ўтган тадбирда йиғилганлар музей экспозиция залига қўйилган ноёб ва тарихий экспонатлар билан ҳам яқиндан танишди.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА