Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеалага ушбу юксак ва масъулиятли лавозимга тайинлангани муносабати билан табрик йўллади.
Давлатимиз раҳбари ўз мактубида янги бош директор раҳбарлигида ушбу ташкилотнинг ўрни ва нуфузини ошириш борасидаги самарали ислоҳотлар амалга оширилиши ҳамда глобал инқирозни бартараф этиш ва халқаро савдо муносабатлари тизимини янада ривожлантириш бўйича таъсирчан чоралар кўрилишига ишонч билдирди.
Мамлакатимиз тез фурсатда ЖСТга аъзо бўлиши масаласида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани алоҳида таъкидланди.