Сурхондарё вилоятида ҳам Янги йил байрамини юқори савияда ўтказиш учун пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Маҳалла, кўча ва хиёбонлар, корхона, ташкилот ва муассасалар байрамона безатилиб, ранг-баранг тунги чироқлар ўрнатилаётир. Байрамолди ярмаркалари ташкил этилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда аҳолига таклиф қилинмоқда. Жойларда байрам тадбирларининг тинч-осойишта ва кўтаринки руҳда ўтиши учун ёнғин, йўл-транспорт ва бошқа хавфсизлик чоралари белгилаб олинган.
Термиз шаҳридаги Болажон боғи ёнида ўрнатилган ва байрамона безатилган 33 метрли арча, айниқса, болалар ва ёшларга ўзгача завқ улашмоқда.
– Ўтган Янги йил байрами арафасида ҳам Термизга келган эдим, – дейди деновлик Ш.Маннопов. – Ўшанда бу майдонга ўрнатилган арчанинг бўйини 20 метрдан баланд дейишган эди. Бу йил эса 30 метрдан ортиқ. Қойил-э, бир йилда ўн метрдан кўпроқ «ўсибди»! Улкан арча Янги йил байрамига ўзгача файз берар экан.
Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА