Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, таниқли адиб ва кинодраматург Муратбой Низановга
Ҳурматли Муратбой оға,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг кўп сонли аъзолари ҳамда миллионлаб ўзбек китобхонлари, кино ва театр мухлислари номидан Сизни 70 йиллик таваллуд айёмингиз билан чин дилдан муборакбод этамиз.
Сизни нафақат Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон, балки Марказий Осиё халқлари адабиётининг йирик намояндаси сифатида яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
Сизнинг “Шунақасиям бўлади”, “Нишона”, “Кулгим келади”, “Одам кулдиргани учун”, “Сизга бўлмайди”, “Ўзга сайёрада етти кун”, “Ақчагул”, “Охират ўйқуси”, “Душман”, “Ошиқ бўлмаган ким бор”, “Ҳаво кемасидан икковлон”, “Муҳаббат қўшиғи” каби 40га яқин китобларингиз қорақалпоқ ва ўзбек ўқувчилари қалбидан чуқур жой олди.
Асарларингиз ўтган асрнинг 80-йиллардан буён ўзбек тилида, шунингдек, қардош қозоқ, татар, нўғай тилларида ҳам чоп этилиб келинмоқда. Нукусда ёзилган ҳикоя, қисса ва романларингиз сиёҳи қуримасданоқ Тошкентда ўзбек тилига таржима қилиниб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”, “Ёш куч”, “Муштум” журналларида чоп этилади. Асарларингизни қорақалпоқ тилидан таржима қилиш бўйича муҳтарам устозимиз Носир Фозилов бошлаган эзгу анъанани Меҳмонқул Исломқулов, Музаффар Аҳмад, Рустам Мусурмон, Ғафур Эшмурод муваффақият билан давом эттирмоқда ва бундан кейин ҳам давом эттиради.
Сизнинг сценарийингиз асосида яратилган “Танк” бадиий фильми ўзбек кино санъатининг олтин фондидан муносиб ўрин эгаллади. Шунингдек, “Ўғри”, “Курорт”, “Кўшнилар” номли бадиий фильмларингиз ҳам юксак эътирофга сазовор бўлди. Кўплаб дараматик асарларингиз театр саҳнасида қўйилди. Сизнинг кино ва драматик асарларингизда бугунги куннинг долзарб мавзулари, оқкўнгил қорақалпоқ халқининг бетакрор фазилатлари юксак бадиий маҳорат билан ёритилгани боис улар Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон телевидениеси орқали мунтазам намойиш этилмоқда, халқнинг олқишига сазовор бўлмоқда.
Ижодингиз давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, “Дўстлик” ордени (1999), “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” (2001), “Қорақалпоғистон Республикаси халқ ёзувчиси” (2012) фахрий унвонлари, Бердақ номидаги давлат мукофоти (2004) билан тақдирлангансиз.
Муҳтарам Президентимиз бугун Сиз каби устоз адибларнинг ижодини муносиб қадрлашга катта эътибор қаратмоқда.
Қадрли Муратбой оға, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг кўп сонли аъзолари номидан Сизни табаррук 70 ёшингиз билан яна бир бор муборакбод этамиз. Сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз.
Сирожиддин Саййид,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги