Испаниялик мутахассис билан учрашув

Қашқадарё вилояти футбол федерациясида испаниялик футбол мутахассиси Кико Зунига билан учрашув бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги турли таълим муассасаларида фаолият юритаётган футбол мураббийлари, футбол федерацияси мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда футболни ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда асосий эътибор аввало болалар футболини ривожлантиришга қаратилмоқда. Хусусан, ЎФФ томонидан илгари сурилаётган янги лойиҳага кўра, болалар билан машғулотларни янги услубда, Европа андозаларига мос равишда ўтказиш ва шу йўл орқали юқори савияли футболчиларни тайёрлаш мақсадида вилоятлар тўрт ҳудудга бўлиниб, ҳар бирига бир нафардан хорижлик мутахассис жалб этилаётир. Улар ҳудудларда болалар футболи мураббийлари ва селекционерлар билан иш олиб боради. Испаниялик мутахассис Кико Зунига вилоятдаги шарт-шароитлар, футбол мактаблари инфратузилмаси, мураббийларнинг иш услуби билан яқиндан танишади. Бу ердаги шарт-шароитларни ўз кўзи кўриб, болалар футболини сезиларли даражада ривожлантиришга ёрдам бера олишига ишончи комил бўлсагина, у билан шартнома имзоланади. Йўқса, яна бошқа мутахассис танланиши мумкин.

4.jpg

Кико Зунига мураббийлик фаолияти давомида “Атлетико” (Мадрид) жамоасининг U-13 ва U-14 жамоаларини бошқарган. Шунингдек, у “Реал” (Мадрид) жамоасининг Хитойда жойлашган академиясида ҳам фаолият юритган.

 

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА