Мирзоабдулло Абдураҳмонов, Қирғизистон Республикаси халқ маорифи аълочиси:

–Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти Новкент районининг Ўзбекистон билан чегарадош Хила қишлоғида яшайман. Ёшим 80 дан ўтди. Қирқ йилдан зиёд Ўзбекистон ва Қирғизистондаги қатор мактабларда рус тили ва адабиёти фанидан сабоқ бердим. Илгари Андижон вилояти Пахтаобод тумани Гулистон қишлоғи аҳли билан бир ариқдан сув ичар эдик. Орамизни биргина кўча ажратиб турарди. Очиғи, ҳеч қачон сен ўзбексан, сен қирғизсан деган гап бўлмаган.

Маълум вақт ўртадаги борди-келди, қўшничилик муносабатлари узилиб қолгани барчамизга яхши аён. Бу айниқса, чегара ҳудудларида яшаётган минглаб оддий одамларни қийин аҳволга солди. Икки фарзандим мен билан Қирғизистонда, бир ўғлим ва синглим Ўзбекистонда яшайди. Турмуш ўртоғимнинг ака-укалари ҳам Ўзбекистонда истиқомат қилади. Ўртада улар билан кўришиш, дийдорлашиш жуда қийн бўлди. Ҳатто, тўй-маъракаларга ҳам борди-келди қилиш мушкул эди. Телеграмма билан 70-80 километр узоқликдаги чегара пости орқали ўтиб келишга мажбур эдик. Бунинг устига чегарадаги текшир-текширлар силламизни қуритарди.

Кейинги бир йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан юқоридаги каби қийинчиликлар бартараф этилди. Уйимиздан атиги уч чақирим нарида “Маданият” чегара пости очилди. Истаган пайтим фарзандимнинг, синглимнинг уйига боришим ёки улар мендан хабар олиб туриши мумкин.

Кеча телевизор орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатномасини тинглаб, юрт равнақи, одамлар ташвиши билан яшайдиган шундай фидойи инсон давлат раҳбари эканидан хурсанд бўлдим. Айнан Шавкат Мирзиёенинг ташаббуси ва сайъи-ҳаракати билан икки қардош халқ ўртасидаги азалий қўшничилик муносабатлари яна тикланди. Бу асрлар давомида аҳил-иноқ яшаб келаётган тили, дини бир, ҳатто ўй-фикри, дили ва ташвиши бир икки халқ вакилларини ўзаро янада яқинлаштирди. Мен қатъий ишонаман, қардош халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари абадий бардавомдир.

Мақсудахон Солиева, Андижон вилояти Қорасув шаҳридаги “Аҳмад Яссавий” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

–Мен Қирғизистон Республикасида туғилганман. Андижон вилоятининг Қорасув шаҳрига келин бўлиб тушганимга 40 йилдан ошди. Ўзбекистон фуқаросиман. Ака-укаларим, жигарларим Қирғизистонда яшайди.

Шукрки, олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликка асосланган муносабат шаклланган. Қирғизистонда яқин қариндошларим жуда кўп. Фақат ўртада 5-10 йил юзага келган турли тўсиқлар сабаб, улар билан алоқаларимиз узоқлашиб қолган эди. Президентимиз ташаббуси билан ўртадаги англашилмовчиликка барҳам берилгани, тўсиқлар бартараф этилиб, борди-келди учун эшиклар очилганидан бошимиз кўкка етди.

2016 йилда муборак Хаж зиёратини адо этиб қайтдим. Минг афсуски, ўшанда бирор туғишганим мени йўқлаб кела олмади. Ўшанда бу менга жуда алам қилган эди. Шундай қувончли кунимда қариндошим ёнимда турмаса, деб хафа ҳам бўлган эдим. Ўша йиллари фақат тўй ё бирор маърака баҳона телеграмма (чақирув) орқали борди-келди қилинганидан икки томоннинг фуқаролари ҳам қийналарди. Мана бугун йўллар очилди, бемалол бир-биримиздан хабар олиш имконига эга бўлдик. Бунинг учун халқни тинглаш, унинг ташвишини аритиш дарди билан яшаётган муҳтарм Президентимиздан миннатдормиз.

Кеча давлатимиз раҳбарининг мурожаатини эшитиб, ҳурматим янада ошди. Айниқса, туманлар, вилоятлар ўртасидаги постларни олиб ташлаш ҳақидаги гапларини тўла қўллаб-қувватлайман. Негаки, бу постлар одамларнинг вақтини ортиқча олиш билан бирга, айримлар учун ноқонуний даромад келтирадиган маскан эканини бутун халқимиз яхши билади.

Президентимиз мурожаати менга шижоат, илҳом бағишлади. Шундай халқпарвар раҳбар амалга ошираётган эзгу ишларда фаол иштирок этиш иштиёқини янада кучайтирди.

 

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА