Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, ёшларда ғоявий, мафкуравий хуружларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш, ёшларнинг китоб ўқиш кўникмасини, мутолаа маданиятини юксалтириш юрт тараққиётига хизмат қиладиган муҳим омиллардан эканлиги таъкидланди. Бу борадаги ислоҳотларда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида имзоланган мазкур меморандум жамиятда соғлом маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда ўзаро ҳамкорликдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Меморандумни имзолашдан кўзланган асосий мақсад – китоб тарғиботи орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш, китобхонлик анъаналарини кенг тарғиб қилиш, жамиятда маънавий-маърифий соҳадаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни танқидий таҳлил қилиш ва ечимини топиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳамлаш ҳамда бу бўйича амалий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборатдир.
Тадбирда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нашрларнинг чоп этилиши бўйича мақсадли дастурларни тайёрлаш ва ижросини ташкиллаштириш масалалари ҳам муҳокама этилди. Мазмунан саёз, миллий маънавият ва қадриятларимизга, ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган, ғоявий ҳамда матбаа сифати паст адабиётларни тайёрлаш, босиб чиқариш ва тарқатилишининг олдини олиш чораларини кўриш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Китоб маҳсулотларининг миллий ва халқаро китоб бозорида ўз мавқеи ва салмоғига эга бўлишида нашриётларга кўмаклашиш, хорижда ўзбек тили ва адабиётини кенг тарғиб қилишни йўлга қўйиш борасида ҳамкорликда амалга оширилиши кўзда тутилган масалалар юзасидан келишиб олинди.