Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 21-22 январь кунлари Бухоро вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари 22 январь куни эрта тонгда Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.

Ўтганлар хотирасига Қуръон тиловат қилиниб, Аллоҳ таолодан юртимизга тинчлик-фаровонлик, халқимизга саломатлик ва саодат тилаб дуо ўқилди.

Бухоро шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси, республика вазирлик ва идоралари, вилоят, туман ва шаҳар секторлари раҳбарлари, фаоллар қатнашди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил ноябрь ойидан буён Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Ботир Комилович Зарипов номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.

–  Вилоятни бошқариш, одамларни сафарбар қилиш осон иш эмас. Буни Зариповнинг ўзиям тушуняпти. Мен уни турли лавозимларда синаганман, охирги уч ойда ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида сизлар ҳам синадингиз. Бухоронинг сувини ичиб, чангини ютиб улғайган йигит вилоят шароитини яхши билади. Энг муҳими, бухороликларни яхши кўради, –  деди Шавкат Мирзиёев.

Б.Зарипов 1969 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Банк соҳасида турли лавозимларда ишлаган. 2016-2020 йилларда республика қурилиш материаллари саноатини бошқарган.

Халқ депутатлари, оқсоқоллар сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Ботир Зарипов Бухоро вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

–  Бухорои шарифдек жойга, унинг буюк халқига раҳбар бўлиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Ана шу ишонч доим қулоғингиз остида турсин. Кунлар, йиллар шиддат билан ўтади. Агар бухороликлар «вилоятимизга тўғри кадр келган экан», деб рози бўлса, мен ҳам ўзимни бахтиёр сезаман, –  деди Президент.

Шунингдек, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Нозимжон Холмуродов, Бухоро вилоятининг прокурори вазифасига Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари бўлган Маҳмуд Истамов ҳамда Вобкент тумани ҳокими лавозимига Фарҳод Умаров тайинлангани маълум қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари бўйича маъруза қилди.

– Бухоронинг бугунги ривожи маъқулми, деган саволга менинг жавобим: йўқ. Бошқа вилоятлардаги ривожланишдан 10 йил орқада қоляпти. Коррупция, порахўрлик барҳам топмаяпти. Ялпи ҳудудий маҳсулотда қишлоқ хўжалиги улуши 50 фоиз экани эски замондан нишон. Саноат, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик бўйича вилоятнинг имкониятлари жуда кенг. Туман ҳокимлари, сектор раҳбарларининг дунёқараши ўзгариши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Жойлардаги муаммо ва имкониятларни маҳалла даражасида ўрганиш, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди.

– Энди жамиятимизда бошқача йўналиш бўлади – маҳалла катта кучга айланади. Агар маҳалла раиси билимли, фидойи бўлса, кайфият ҳам, иқтисодиёт ҳам ўзгаради, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу мақсадда вилоятга ишчи гуруҳ юборилган, шаҳар ва туманларга вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилди.

Мавжуд 544 та маҳалланинг ҳар бири ўрганилиб, 333 таси “қониқарли”, 182 таси “ўрта” ва 29 таси “паст” ривожланиш тоифаларига ажратилди. Аҳолига даромад манбаи яратиш захиралари аниқланган.

Давлатимиз раҳбари ишсизлик муаммосига алоҳида тўхталди. Янги иш ўринлари очиш ва ўз-ўзини банд қилувчиларга шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Оилавий тадбиркорлик, ёшлар бизнес лойиҳаларига 390 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланди. Ҳар бир туманда биттадан касб-ҳунар мактаби танлаб олиниб, унинг базасида мономарказлар ташкил этилади, маҳаллабай ўрганиш натижаси ўлароқ ишсизлар, ёшлар ва аёллар талаб юқори касбларга ўргатилади.

Бухоро вилоятида 2021-2022 йиллар учун умумий қиймати қарийб 19 триллион сўм бўлган 713 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Шундан 555 таси бу йил амалга оширилиши, 14 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Хизмат кўрсатиш соҳаси салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, зиёрат туризмини янада ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, қадимий “Ғиждувон қўрғони”ни қайта тиклаб, очиқ осмон остидаги музей барпо этиш, Вобкент туманидаги “Ширин” қишлоғини этнотуризм масканига айлантириш, Пешку туманининг Афшона қишлоғида “Ибн Сино замонаси” мажмуасини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Бухоро зардўзлиги ва заргарлиги халқаро фестивалини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, янги таълим ва тиббиёт муассасалари ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилда Бухорода Президент мактаби фаолият бошлайди. Математика, ахборот технологиялари, кимё-биология ва физикага ихтисослашган 16 та мактаб ташкил этилади. Шунингдек, 18 та мактабни реконструкция қилиш белгиланган.

Давлатимиз раҳбари ёшлар масалаларига алоҳида тўхталди.

– Ёшларда жуда кўп ғоя, интилиш бор. Уларга шароит яратиб, елкадош бўлсак, улар жуда катта куч, қудрат, имконият ва келажак эгаси бўлади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Сессияда инфратузилмани ривожлантириш, ичимлик суви ва оқова тармоғини яхшилаш, йўллар қуриш ва таъмирлаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

– Мен ҳамма вилоятларимизни яхши кўраман, ҳурмат қиламан. Лекин Бухоронинг имкониятлари, салоҳияти ҳеч қайси вилоятда йўқ. Бу заминга худо берган, унинг ҳар қаричи тарих, илм. Бухороликлар бунинг қадрига етса ҳеч қачон кам бўлмайди, – деди пировардида давлат раҳбари.

Президентимиз Бухоро шаҳрининг Низомий маҳалласида қурилган замонавий уйларни бориб кўрди.

Илгари бу ҳудудда пана-пастқам, канализацияси йўқ уйлар бўлиб, шаҳар кўркини бузиб турарди. Ўтган йили бу ерда 7 қаватли замонавий уйлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди.

Шавкат Мирзиёев меҳнат фахрийси Неъмат ота Ҳотамов хонадонига кирди. Дастурхон атрофида дилдан суҳбат бўлди.

Бу оила олдин шу маҳалладаги эски уйда истиқомат қилар эди. Энди барча ушбу замонавий мавзеда яшаётганидан рози.

Давлатимиз раҳбари халқимиз мана шундай замонавий шароитларда яшашга муносиб эканини таъкидлади.

Шу ерда Бухоро вилоятида автомобиль йўллари қуриш ва таъмирлаш, Бухоро шаҳрида оқова сув иншоотлари қуриш, эски кўп қаватли уйлар қиёфасини янгилаш режалари ҳақида ахборот берилди.

Шу билан Президентимизнинг Бухоро вилоятига сафари якунланди.

ЎзА