21 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Буюк Британиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси, Буюк Британиянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси ва Женева шаҳридаги бошқа ваколатхоналари раҳбари ўринбосари Рита Френч билан учрашув ўтказди.

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлоу ҳам иштирок этди.

Дастлаб қатнашчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ўзгаришлар, хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний муносабатлар тўғрисида»ги қонунни тайёрлаш, Буюк Британия “Глобал Партнерс Говерненс” ташкилоти билан ҳамкорликда ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятини мониторинг қилиш юзасидан парламент кузатув комиссияси ролини кучайтириш бўйича лойиҳани амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон томони Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни босқичма-босқич амалга ошириш, болалар меҳнатини йўқ қилиш, халқаро меҳнат стандартлари ва меъёрлари, қабул қилинган янги қонунлар, аёллар ҳуқуқини мустаҳкамлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини кучайтиришга доир маълумотлар билан ўртоқлашди.

Музокара чоғида парламентлараро алоқаларни янада чуқурлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Айни жараён муносабатларни янги босқичга олиб чиқувчи халқаро шартномаларни ўз вақтида ратификация қилинишида муҳим экани таъкидланди.

Мулоқот иштирокчилари коронавируснинг дунё бўйлаб тарқалиши кўламига ҳам тўхталиб, ушбу глобал таҳдидга қарши курашиш борасида Ўзбекистон ва Буюк Британияда кўрилаётган чоралар тўғрисида фикр алмашдилар. Шу нуқтаи назардан, пандемиянинг ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларга салбий таъсири олдини олиш мақсадида икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлиги эътироф этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси ва Буюк Британия ўртасидаги амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича ўзаро мажбурият тасдиқланди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА