Маълумотларга кўра, ер шарининг 80 фоиз аҳолиси телефон, смартфон, гаджетларга тикилишни одат қилган. Айниқса, 29 ёшгача бўлганлар кунига 27 дақиқадан кўпроқ вақтини мониторга тикилиб ўтказар экан. Шу боисдан, бугунга келиб, дунёда ҳар йигирма нафар инсондан бири мобиль алоқа нурланишидан азият чекмоқда.
– Кечқурун соат 9:00дан кейин 12:00-1:00гача телефонга тикилиб ишлаган ёки телефон ўйнаган одам эрталаб кўзи қизариб, конъюктивит аломати билан уйғонади, – дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти кафедра мудири Ботир Бузруков. – Бу бошланғич, огоҳлантирувчи белги бўлиб, икки-уч йил шу зайлда давом этилса, унда қуруқ кўз синдроми келиб чиқади. Қуруқ кўз синдромини даволаш бирмунча қийинроқ, мушкулроқ бўлади. Кўриш ўткирлиги пасайиб кетгандан кейин даволаш икки-уч баробар қийинлашади. Қабулимга келувчилар орасида бир кўзи 10, иккинчи кўзи 100 фоиз кўрадиган беморлар учрайди. Оддий қилиб тушунтирадиган бўлсам, бундай беморларда бир кўзи мия тарафдан ўчириб қўйилган бўлади.
Телефонлар бугун турмуш тарзимизнинг ажралмас бир қисмига айланиб бўлган экан, хўш ундан қанча вақт, қандай фойдаланган мақсадга мувофиқ?
– Телефонга қарадингиз. Маълумотни олдингиз. Ана энди мияда анализ, синтез қилинг. Бунинг учун ўша пайтда сиз кўзингизни юмишингиз керак, – дейди Б.Бузруков. – Энг ёмони, экранга қадалиб ишлашдир. Экранга қараганда қовоқлар 5 дақиқагача юмилмайдиям, очилмайдиям. Бу ҳам касалликка олиб келадиган асосий ҳолатлардан бири.
Инсон учун саломатликдан муҳимроқ нарса йўқ. Соғлиқ бебаҳо эканини уни йўқотгач эмас, борида англаб етсак, қадрласак, қандай яхши. Мутахассис таъкидлаганидек, телефон, смартфон, гаджетлардан меъёрида фойдаланиш кўз нурини асрашда муҳим аҳамиятга эга.
Моҳигул Қосимова, ЎзА