14 январ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази биноси қайтадан таъмирланиб, замонавий интерьер кўринишда фойдаланишга топширилди. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун муносиб туҳфа бўлган марказнинг амалий аҳамияти чин маънода маънавий-ахлоқий сифатларни юксалтириш, келажак авлодни ватанпарвар ва комил инсон сифатида тарбиялашга қаратилганлиги, барча имкониятлар мажудлиги билан ҳарбий округлар ичида намунавий кўринишга эга Маънавият ва маърифат марказига айланди. Марказ биносининг фойе қисмида ташриф буюрган меҳмонларда катта таассурот қолдирувчи “Карвон йўлларига туташ саҳро” номли барельеф асар ҳақида эса алоҳида тўхталиб ўтиш жоиздир.

 

 

Асар 2х15 ҳажмга эга, деворий барельеф меъморий безак сифатида фойдаланилган. Мазкур асар ҳарбий округ қўмондони, полковник Фарҳоджон Шерматовнинг ташаббуси билан маҳоратли ҳайкалтарош Қазақбай Хожамуратов томонидан ишланган.

Деворий барельеф Қорақалпоғистоннинг бой тарихи, маданияти ва санъати, ўзига хос табиати, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси, шунингдек Буюк Ипак йўлида Қорақалпоғистон миллий карвонининг ўтганлиги ҳақида сўзлайди.

 

 

Қорақалпоғистон Қизилқум чўлининг шимоли-ғарбий, Устюрт платосининг жануби-шарқий қисми ва Амударё делтасида жойлашган бўлиб, узоқ асрлик тарихга эга. Сўнгги палеолит, яъни милоддан аввалги 5 минг йиллик 2 минг йиллик бошларида одамлар  Амударё делтаси ва Орол, Каспий денгизлари соҳилида яшай бошлаган бир даврдан қорақалпоқ халқининг тарихий даври бошланади. Ўша даврлардаёқ қорақалпоқлар балиқчилик билан шуғулланишни бошлаганлар. Деворий барельефда балиқчилик билан шуғулланаётган икки мард йигит  кўз олдингизда гавдаланади. Орол соҳилидаги болакай образида эса балиқчилик авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ота мерос касб эканлигига ишора қилинади. Чағалай қушлар эркинлик ва фаровонлик, балиқлар қут-барака тимсолида асарнинг мазмунини бойитишда хизмат қилмоқда.

 

 

 

 

 

Милоддан аввалги 6 асрлардан бошлаб, ҳудудда қадимги давлатчилик шаклланди. Археологик қазишмалар натижасида Қўйқирилган-қалъа, Ойбўйир, Бургутқалъа, Оқшохонқалъа, Тупроққалъа, Ёнбошқалъа, ва бошқа қадимий қўрғонлари харобалари ва шу каби маконлар топилган. Чилпиқ, Говурқалъа, Миздакхон каби тарихий ёдгорликлар мазкур асар сатҳида булутлар орасида кўз олдингизда намоён бўлиб, Қорақалпоғистон тарихи жуда узоқ даврларни ўз ичига қамраб олган деган ғояни тараннум этади.

Қорақалпоғистон давлат байроғида бешта юлдуз бор. Беш юлдуз бешта тарихий шаҳар Қўнғирот, Мўйноқ, Чимбой, Беруний, Тўрткўл кабиларни ўз ичига олиб, деворий паннода бешта ўтов (қорауй)лар орқали тарихий шаҳарлар кўрсатиб берилмоқда.

Қорақалпоқларнинг турмуш тарзи балиқчилик, деҳқончилик ва чорвачилик билан кечган ва оила бекаларининг ҳам ҳаёти шу билан боғлиқ бўлган. Деворий суратда бир хонадоннинг кундалик яшаш турмуш тарзида меҳнаткаш аёл сиймоси қаршингизда гавдаланади. Бундан ташқари асарда, бозор расталарида қовун сотаётган савдогарлар ҳам бор. Қорақалпоқ ва Хоразм диёри халқларга қовун билан машҳур бўлган ва ҳозирда ҳам Хоразм қовунлари жаҳоннинг деярли барча мамлакатларига экспорт қилинади.

 

 

Қорақалпоқ халқининг этник шаклланиши милоддан аввалги 7-4 асрларда  Амударё делтаси ва Орол,  Каспий бўйи чўлларида истиқомат қилган сак-массагет ҳамда савромат-сармат қабилаларига бориб тақалар экан. Қорақалпоқларнинг этник шаклланиш жараёни 5 босқичдан иборат бўлиб, сўнгги боcқичида қипчоқлар билан бир қаторда манғит, қият, қўнғирот,  найман, катаган каби катта уруғ бирлашмалари ташкил этилади ва ХV-XVI  асрларда қорақалпоқ улуси тузилади. Ўша даврда Орол денгизи атрофида, Жайҳун ва Сайҳун дарёлари бўйида қорақалпоқлар халқ бўлиб шаклланиб, ўзининг ҳудудига, тилига ва маданиятига эга бўлди. Мана асрлар ошса ҳамки, қорақалпоқ халқи ўз тили, маданияти ва урф-одатлари билан бошқа халқларнинг қизиқишига сабаб бўлиб келаётир. Қорақалпоқ миллати ўз ичига катта-катта уруғларни жамлаган бўлиб, деворий панно марказида кишиларнинг келиб чиқиши, аждодлари ва қон-қариндошлик алоқалари мажмуаси бўлган шажара яъни мевали дарахт тасвирланган.

Қадимда шарқ билан ғарбни боғлаб турган савдо йўли бўлган Буюк ипак йўлининг қорақалпоқ қумликларидан ўтганлиги мазкур паннода туялар ортилган карвон ва матоларни кўз-кўз қилаётган савдогар тасвирланган. Хоразм, Бухоро, Самарқанд каби юртимизнинг тарихий шаҳарлари ҳам асарга бадиий безак ва мазмундорлик бахш этиб, азал-азалдан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон диёри қавму-қардош бўлиб, барча соҳаларда алоқалар ўрнатганлигини рамзий ифодалаган.

Қорақалпоқ санъати ҳақида сўз кетганда, энг аввало уларнинг бахшичилик, жировчилик, жанговар ва нафис рақс санъати ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Бежизга қорақалпоқларни “саҳро булбулари” деб айтмаганлар. Бахшию, раққосларнинг ўзига хос бетакрор ижоди ҳозиргача ўз мухлисларини йўқотмаганлар. Асардаги дутору, сурнай созандалари мусиқасига хиром айлаётган раққоса асарни янада жонлантирган.

 

Шоҳиста АБДУРАҲМОНОВА,

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи Матбуот

хизмати бош мутахассиси, санъатшунос.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги