Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида дзюдо бўйича “Мастерс” мусобақасининг сўнгги кунида ҳамюртимиз Давлат Бобонов (-90 кг.) бронза медали йўлидаги ўтиш баҳсида германиялик Эдуард Триппелга қарши татамига чиқди ва, афсуски, мағлубиятга учради.
Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
-100 кг вазнда Муҳаммадкарим Хуррамов ҳам бронза медали йўлидаги ўтиш беллашувида россиялик Арман Адамянга ютқазиб, 7-ўрин билан кифояланди.
Сўнгги кунги беллашувлар орасида энг оғир вазн тоифасида Бекмурод Олтибоев илк беллашувда грузиялик Левани Матиашвили тўсиғидан ўта олмди.
Дзюдочиларимиз ўз ҳисобига қуйидаги очколарни қўшиб қўйишди:
-90 кг: Давлат Бобонов – 468
-100 кг: Муҳаммадкарим Хуррамов – 468
+100 кг: Бекмурод Олтибоев – 200.
Шу тариқа Илиас Илиадис мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Қатар «Мастерс» турниридаги иштирокини тугатди. Кеча мусобақанинг иккинчи куни Ҳикматиллоҳ Тўраев (-73 кг) томонидан қўлга киритилган бронза медали делегациямиз учун ягоналигини сақлаб қолди.
ЎзА