Тошкент Фотосуратлар уйида “Менинг армиям – менинг фахрим!” мавзуидаги ижодий ишлар кўргазмаси ва кўргазма ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда Мудофаа вазирлиги масъуллари, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, ўқувчи-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Кўргазмада 50 нафар ижодкорнинг 70 га яқин фотосурат ва сараланган ижодий ишлари намойиш этилди.

Кўргазмадан мақсад, Ватан ҳимоячиларининг тимсолини яратиш, халқ ва армия бирдамлигини кўрсатиш, ёш авлодни ватанпарварлик, Ватанга содиқлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш, миллий армиямизнинг жамият ва давлат олдидаги аҳамияти ва ўрни, халқимизнинг тинчлиги, юртимиз фаровонлигида ҳарбий хизматчиларнинг ҳиссасини кенг оммага намойиш этишдан иборат бўлди.

Ижодий ишлар Қуролли Кучлар салоҳиятини ва ҳарбий хизмат ҳамда ҳарбий бурчини тасвирлаш каби мазмуний йўналишлар бўйича таниқли рассом ва ижодкорлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, талаба ва ўқувчи ёшлар ўртасида ўтказилди.

Танловга қатнашиш учун ҳарбий-ватанпарварлик мавзуидаги 3 та номинация – “Фотосурат, фотоколлаж”, “Тасвирий санъат, графика, миниатюра” ҳамда “Кўргазмали тарғибот воситалари” бўйича ишлар қабул қилинди.

Кўргазма ғолиблари Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тавсия этилган ҳайъат аъзолари, профессионал ижодкорлар томонидан баҳоланди.

Якунда, фотография, фотоколлаж номинациясида 1-ўрин Орифжон Мамажоновга насиб этди. Эътиборли жиҳати, ушбу номинацияда фахрли 2-ўринни ҳамкасбимиз – ЎзА фотомухбири Оқил Ғуломов қўлга киритди. 3-ўринга Нодир Маматқулов лойиқ кўрилди.

Рангтасвир, графика, миниатюра йўналишида 1-ўрин Жавоҳир Ниёзовга, 2-ўрин Абдулло Абдуғаффоровга насиб қилди.

Кўргазмали тарғибот плакат, панно номинациясида 1-ўринга Александр Тихомиров, 2-ўринга Хондамир Абдуғаниев ва 3-ўринга Жавоҳирбек Абдуфаттохов муносиб, деб топилди.

Шунингдек, ҳудди шу номинациялар бўйича ҳаваскорлар ўртасида ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Гулноза БОБОЕВА, Оқил Ғуломов (Сурат), ЎзА