Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги
Мирзо Улуғбек номидаги Физика, математика, астрономия ва информатика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тадбир ўтказилди.
Мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган ҳарбий ватанпарварлик ойлиги доирасида ташкил этилган мазкур тадбир ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги ва ички ишлар органларининг ижобий имижларини ошириш ҳамда тизимлардаги куч ва воситаларнинг салоҳиятини намойиш қилишдек эзгу мақсадларни кўзлаган.
Миллий гвардия ҳарбий оркестр жамоаси ижросида давлат мадҳияси янграйди. Мамлакатимиз байроғи юксакларга кўтарилди.
Юртни ҳимоялаш, тинчлик, осойишталик деб аталган энг олий неъматни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳарбийларимиз учун энг олий мақсад-муддаодир. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтаётган ҳарбий ватанпарварлик ойлиги эса ёш авлод қалбида ўзи туғилиб ўсган диёрни, ўз халқини ҳимоялашга астойдил киришган ҳарбий соҳа вакилларининг машаққатли ҳамда шарафли меҳнати билан таништиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари қўл жанги бўйича кўргазмали намойишлар, мактаб ўқувчилари саҳна кўринишларини тақдим этишди.
Фахрийларнинг ҳаёт йўллари, ҳарбийлик касбининг машаққати ва масъулияти ҳақидаги ҳаётий ҳикоялари ёшларни тинчлик-хотиржамликнинг қадрига етиш, ҳарбий хизматни сидқидилдан ўташ, доимо виждонли ва мард бўлиш, Ватанимизни кўз қорачиғидек ҳимоя қилишга даъват этгани билан аҳамиятли бўлди.
ЎзА