Сўнгги вақтларда куй-қўшиқ, асарлар ва бошқа муаллифлик ҳуқуқи объектларини муаллиф рухсатисиз ўзлаштириш ҳолатлари кўп учрамоқда.

“Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунда асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланган.

Интеллектуал мулк агентлиги матбуот котиби Феруз Жўраевнинг маълум қилишича, муаллиф ҳуқуқи бузилган яна бир ҳолат – қўшиқчи Д.Эргашев хонанда Ўктам Алиевнинг “Ўйламадим” номли қўшиғини муаллифнинг розилигисиз, асар яхлитлигини бузган ҳолда ижро этиб, уни интернет тармоқларига жойлаштиргани ҳақида Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамоат бирлашмаси томонидан Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилинган. Шундан сўнг Агентлик мурожаатни ўрганиб, мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий судга баённома киритган.

Суд Д.Эргашевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 (1) моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топиб, жарима жазоси тайинлаган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин ҳудди шундай ҳолат бўйича “Насафий” тахаллуси билан ижод қилаётган қўшиқчи Азизиддин Акмалов ҳам жаримага тортилгани ҳақида хабар қилган эдик.

ЎзА