Шу пайтгача кўпчилик қатори мен ҳам болам боғчада вақтида овқатланиб, вақтида ухласа бўлди, деб ҳисоблардим. Чунки моддий-техник базаси ғариб бўлиб қолган мактабгача таълим муассасасидан, бунинг устига жуда кам маошга ишлаётган тарбиячилардан ортиқ нимани ҳам кутардим.

Йўқ, энди фикрим ўзгарди. Президентимиз бошчилигида фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамияти эътиборга олиниб, Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилгани, соҳа ривожи учун олиб борилаётган ишлар натижаси бунга сабаб бўлди. Бугунги кунда кичик ёшдаги фарзандим Яшнобод туманидаги 405-мактабгача таълим муассасасига боради. Йил бошидан буён мана шу боғчада ҳам ижобий ўзгаришлар кўп бўлди. Машғулот хоналари таъмирланди. Эски сантехника анжомлари янгисига алмаштирилди. Мени энг қувонтиргани эса машғулотларга олий маълумотли мутахассисларнинг жалб этилгани бўлди.

Натижа дарров билинди. Илгари бормайман, деб хархаша қиладиган болам, боғча деса югуради. Машғулотлар унинг теварак-атрофга қизиқишини ошириб, билимга меҳрини уйғотмоқда. Расм чизишга, пластилиндан ҳар хил шаклларни ясашга уста бўлиб қолган. Нутқи ҳам равон, боғча опасидан эшитган эртакларини бизга айтиб чарчамайди. Ранглар, мева ва сабзавотлар, ҳатто ҳайвонларнинг ҳам инглизча ва русча номларини билиб олган. Биз оналар Президентимизни дуо қиламиз!

Малоҳат МЎМИНОВА, уй бекаси (Тошкент шаҳри).

 

ЎзА