Унда жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларга тўхталиб ўтилди.

– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланади. Шу боис, ушбу санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни”, деб белгилашни таклиф этаман, – деди давлат раҳбари.

– Минтақамизда, бутун дунёда экологик вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётгани бизни жиддий ташвишга солади.

Қўшни давлатлар ва жаҳон жамоатчилиги билан биргаликда Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатишга қаратилган ҳаракатларни қатъий давом эттирамиз. Денгизнинг қуриган тубида юз минглаб гектар ўрмон ва бутазорлар ташкил этилаётгани Оролбўйи ҳудудларида амалга оширилаётган улкан қурилиш ва ободончилик ишлари халқимизни юксак марралар сари руҳлантирмоқда.

Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда тузилган Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди доирасидаги амалий ишларни янада кучайтирамиз.