90 йиллик театр академик театр даражасини олди

Нукусда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри ташкил топганининг 90 йиллиги нишонланди.

– Қорақалпоқ миллий маданияти ва санъатининг ўчоғи бўлиб келаётган Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри ўзининг 90 йиллик фаолияти давомида томошабинлар олқишига сазовор бўлган кўплаб асарларни саҳналаштирди, – дейди театр директори Қалбой Турдиев. – Бу даргоҳдан улкан санъат дарғалари етишиб чиқди. Улар яратган ёрқин сиймолар томошабинлар қалбидан чуқур жой олиб, қорақалпоқ миллий санъати солномасига зарҳал ҳарфлар билан битилган.

5 (2).jpg

Театр халқимиз, хусусан, ёшларнинг маънавий оламини юксалтириш, уларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда. Театр ижодий жамоаси амалга ошираётган бундай хайрли ишлар юксак баҳоланиб, жорий йилда жамоага академик театр даражаси берилди.

Юбилей муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида вилоятлар ва Тошкент шаҳри театр жамоаларидан ташриф буюрган таниқли санъат намояндалари, шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда театр босиб ўтган ижод йўли акс эттирилган видеофильм, санъат усталарининг концерт дастури ва турли йилларда саҳналаштирилган спектакллардан саҳна кўринишлари намойиш этилди.

 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА