«Berliner Telegraph»:
Германияда чоп этиладиган нуфузли “Berliner Telegraph” журналининг декабрь ойидаги сонида Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди.
Муаллиф, таниқли немис сиёсатшуноси Маттиас Дорнфельд “Ўзбекистоннинг янги имижи: очиқлик ва ҳамкорликка тайёрлик” сарлавҳали материалда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ўзгаришлар, республика раҳбариятининг ташқи ҳамда минтақавий сиёсати ҳақида батафсил сўз юритган. Мақолада Ўзбекистон Евроосиёнинг маркази ва Марказий Осиёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган давлат сифатида минтақавий ҳамкорликда етакчи мавқега эга экани таъкидланган. “Марказий Осиёдаги энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган давлат раҳбарияти минтақавий ҳамкорликда етакчи ролни ўз зиммасига олиш кераклигини англади. Қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан минтақавий дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонга сув етказиб бериш масаласидаги зиддиятлар ҳал қилинди. Икки томонлама чегарадан ўтиш пунктлари очилиб, қуруқлик ва ҳаво орқали транспорт алоқалари тикланди. Ўзбекистон минтақада умумий иқтисодий ривожланиш, хавфсизлик ва барқарорликка интилмоқда”, дея таъкидлайди сиёсатшунос. Муаллиф, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, қўшни мамлакатни иқтисодий қайта тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратган. “2016 йилги Президент сайловидан сўнг Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсати янги туртки олди. У яхлит ёндашувга асослангани билан аҳамиятли. Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон хавфсизлиги унинг давлати хавфсизлик масаласи ҳамдир ва Афғонистондаги тинчлик жараёни минтақавий ва глобал кун тартибида янада муҳим аҳамият касб этиши керак, деб ҳисоблайди”, дея қайд этган немис сиёсатшуноси. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Афғонистонга иқтисодий кўмак кўрсатаётгани маълум қилинади. Жумладан, мамлакат қўшни давлатни электр энергияси билан таъминламоқда, Термиз ва Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф ўртасидаги темир йўл алоқасини кенгайтиришда иштирок этмоқда, янги темир йўл тармоқлари қурилишини тўла қўллаб-қувватламоқда. Нашрда Ўзбекистон раҳбарининг кўплаб ташаббуслари Германиянинг Европа Иттифоқи Кенгашига раислиги даврида қабул қилинган ЕИ Марказий Осиё стратегиясининг мақсад ва вазифаларига мос келиши қайд этилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ислоҳотлари бошлангандан буён Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, шу жумладан, Германия Ўзбекистоннинг муҳим шериклари экани таъкидланган. Шу нуқтаи назардан, 2019 йил январь ойида Ўзбекистон раҳбарининг ГФРга муваффақиятли ташрифи, шунингдек, Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг ўша йил май ойида Ўзбекистонга жавоб ташрифи самарали бўлгани эсланади. “Президент ва унинг ҳукуматининг ўзбек жамияти манфаатлари йўлидаги истиқболли ислоҳотлари Германия тузилмалари томонидан қатъий қўллаб-қувватланмоқда”, дейилади материалда. Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган янги халқаро ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти очиб берилган. Шунингдек, республиканинг БМТ Инсон муқуқлари бўйича кенгашига сайлангани ҳам алоҳида қайд этилган. “Шавкат Мирзиёев тўрт йил аввал Президент этиб сайланганидан буён Ўзбекистоннинг ташқи ва минтақавий сиёсати сезиларли даражада ўзгарди. Катта ислоҳотлар бошланди, мамлакат очилди ва халқаро ташкилотлар доирасида мунтазам равишда муҳим ташаббуслар ва сиёсий таклифларни илгари сурмоқда”, деб хулоса қилади Маттиас Дорнфельд. Муаллиф ғарбда Президент Шавкат Мирзиёев МДҲ маконидаги қатъий ислоҳотчи сифатида қабул қилинади ва айниқса, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳақида гап кетганда, кутилган меҳмон сифатида эътироф этилади, деб таъкидлаган.
«Дунё» АА.
Қарақалпоғистон ахборот агентлиги