Тарихда сиёсий ва ҳарбий мақсадлари учун ҳамма нарсага тайёр шахслар ҳақида кўплаб маълумотлар учрайди.

Хусусан, ўз мақсадларига эришиш йўлида турли жазо чораларини қўллаган сиёсатчи ва ҳарбийлар, ҳукмдорлар фаолияти бугунга қадар инсониятни жунбишга солган… Қуйида мана шундай шахслар ҳақида маълумотга эга бўласиз…

РИМНИ ЗАҲАР БИЛАН МАҒЛУБ ЭТГАН «ЁВВОЙИ ШОҲ»

Ўз даврида Римнинг кўплаб душманлари бор эди, аммо Буюк Митридат уларнинг энг хавфлиси эди. У милоддан аввалги 120-63 йилларда ҳукмронлик қилган Понтус мамлакати қироли эди. Қудратли Рим республикасини ларзага келтирган Осиё шоҳи Буюк Митридатнинг тақдир йўли заҳар билан бошланиб, заҳар билан тугаган. Болалик пайти унинг онаси зиёфатда отасига заҳар берган ва у вафот этган. Қотил онадан қочиш учун ўрмон яхши жойлигини билган бола саккиз ёшидан ўн тўрт ёшигача ёввойи ҳайвон каби, ботқоқларда ва тоғларда яшаб, ер ва дарахтлардаги ўсимликларни истеъмол қилган. Натижада, у ҳар қандай қийинчиликларга дош беришга ва оғир шароитларда омон қолишга одатланган. Ўсмирлик даврида у ўз ватанига қайтиб, онасини ўлдиришга буйруқ берган ва ҳокимиятни қўлга олган. Кўп ўтмай, Понтуснинг таниқли шоҳи аллақачон Кичик Осиёнинг энг даҳшатли ҳарбий ҳукмдорларидан бири бўлган, аммо шу билан бирга, у ўзининг ҳам заҳарланишидан қўрққан.

Митридат Рим республикасининг энг қудратли қўмондонлари ва диктаторлари қўшинларини камситган, мағлуб этган ва ҳатто уларни йўқ қилган. Даҳшатлиси, туғишган акасини, тўрт фарзанди ва бошқа кўплаб қариндошларини ўлдирган. Бунда у шаман шифокорлари тайёрлаган махсус заҳардан фойдаланган.

ОДАМЛАРНИ ДEВОРГА МИХЛАГАН ҲУКМДОР

Даҳшатли Иван номи билан танилган Иван IV Васильевич 1533 йилдан 1547 йилгача Москва давлатининг буюк ҳукмдори бўлган. Тарихий манбаларда Иваннинг мураккаб шахси тўғрисида тарқоқ маълумотлар келтирилган: у ақлли ва тақводор, аммо ғазабга мойил бўлган. Шунингдек, у одамларни ёқиб, уларни деворга михлашни яхши кўрган. Иваннинг аскарлари одамларнинг қочишига йўл қўймаслик учун шаҳар атрофи бўйлаб деворлар қуришган. Ҳар куни 500 дан 1000 нафаргача одамлар тўпланиб, даҳшатли Иван ва унинг ўғлининг олдида қийноққа солинган. Шунингдек, у дворянларни шафқатсиз таъқиб қилган.

ВАЛАХИЯНИНГ  ЗОЛИМ   ШАҲЗОДАСИ

Валахия шаҳзодаси Влад Импалер ўзининг шафқатсиз қатллари билан танилган. Минглаб одамларни қийноққа солиб, уларнинг орасида бемалол таомланган. Влад Aмлас шаҳрининг бутун аҳолисини қатл қилган, бу деярли 20000 эркак, аёл ва болалардир. У қайноқ сувга ташлаш, бошини кесиш, кўр қилиш, бўғиш, осиш ва бошқа усулларни қўллаган.

ИДИ АМИННИНГ ҚИЛМИШЛАРИ…

Тарихдаги энг шафқатсиз ҳукмдорлардан бири Иди Aмин 1971 йилдан 1979 йилгача Уганда ҳарбий диктатори ва президенти бўлган. Унинг ҳукмронлиги инсон ҳуқуқларини бузилиши, сиёсий тазйиқлар, этник таъқиблар, судсиз қотиллик ва ҳиндуларни Угандадан қувиб чиқариш билан ажралиб турган. Маълумотларга кўра, 80000 дан 500000 гача одамни ўлдиришга буюрган. У европаликларни ёмон кўрган. «Биз африкаликлар европаликларни бошқаришимиз керак эди, аммо бу аксинча бўлди. Энди биз ўз мамлакатимизда устунмиз”, деган у. Охир-оқибат Aмин ҳокимиятдан ағдарилди.

ШАФҚАТСИЗЛИК ВА ЁВУЗЛИК ТИМСОЛИ

Aттила 434 йилдан 453 йилгача Хунларнинг ҳукмдори бўлган. У Урал дарёсидан Рейн дарёсигача ва Дунай дарёсидан Болтиқ денгизигача чўзилган империянинг етакчиси эди.

Aттила Ғарбий Европанинг аксарият қисмида шафқатсизлик ва очкўзлик тимсоли сифатида эсга олинади. У Дунайдан икки марта ўтиб, Болқонни талон-торож қилган, аммо ҳеч қачон Константинополни забт эта олмаган. Кейинчалик у Италияни босиб олиб, шимолий ҳудудларни вайрон қилган, аммо Римни ололмаган. 452 йилда Италиянинг аксарият қисмини вайрон қилган ҳолда қайтиб келган. Aттила тўйи куни ўз қонига ботиб, вафот этган.

ҚОНГА ЧЎМИЛГАН ГРАФИНИЯ

У сабаб қийноққа солинган камбағал деҳқон қизларини кўриб, завқ олган графиния — Елизавета Батори. Венгрия Қироллигидаги Чейде қалъасида қоронғи ва чуқур қабрлар бўлиб, олижаноб зодагон аёлнинг хуфиёна ишларини сақлаган.

Ҳатто маҳаллий аҳоли орасида Елизавета Батори қурбонлар қонига  чўмилишни яхши кўриши ҳақида миш-мишлар тарқалган. Графиния ўзининг ваҳшийликларини уч содиқ аёл хизматкорлари ёрдамида амалга оширган.

ДEҲҚОНЛАР СОЧИГА ЎТ ҚЎЙГАН ДВОРЯН  

Россия империясининг бой дворянлари оиласида дунёга келган Дария Николаевна ҳаёти давомида кўплаб крепостнойларни шафқатсиз қийноққа солган. У ёшлигидан деҳқонларни оч қолдирган, уларни қайноқ сув билан куйдирган, совуқда яланғоч тутган ёки сочларига ўт қўйган. Унинг қурбонлари орасида нафақат эркаклар, балки аёллар ва қизлар ҳам бўлган.

Юқоридаги рўйхатни Чингизхон, Aнглия қироличаси Мария I, Бельгия қироли Леаполд II, Гитлер, Муссолини, Пол Пот каби шахслар номи билан бойитиш мумкин.

Тарих саҳифаларида қолган ҳукмдорларнинг шафқатсизликлари бугун ҳам инсоният томонидан нафрат билан тилга олинади.

 

Маҳфуза ПЎЛАТОВА тайёрлади