“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиалида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрель кунги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси бошлиғи А.Юлдашев ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорига асосан 2024-2025 йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг босқичма-босқич ўзгариш жадвали ва 2024 йил 1 майдан бошлаб аҳоли учун электр энергияси ва табиий газнинг бир ойлик истеъмолининг “базавий меъёрлари” тасдиқланганлигини қайд этди.

Шунинг учун филиал, шаҳар ва туман электр таъминоти ходимлари қарор асосида иш олиб боришлари, ушбу тарифларга асосан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни кучайтириши лозим. Бунинг учун биринчи навбатда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликни ўз вақтида аниқлаш, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари қарор ижроси юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.