Польша пойтахти Варшава шаҳрида мукофот жамғармаси 175 минг доллардан иборат бўлган Superbet Poland Rapid & Blitz халқаро турнирида дунёнинг 10 нафар энг кучли гроссмейстерлари қаторида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ҳам бош соврин учун кураш олиб бормоқда.

Мазкур нуфузли мусобақада жаҳон шахматининг етакчилари бўлган Магнус Карлсен (Норвегия), Вэй И (Хитой), Ян-Кшиштоф Дуда (Польша), Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон), Рамешбабу Прагнанандхаа (Ҳиндистон), Аниш Гири (Нидерландия), Аржун Эригайси (Ҳиндистон), Доммараджу Гукеш (Ҳиндистон), Винсент Каймер (Германия), Кирилл Шевченко (Руминия) иштирок этмоқда.

Кеча халқаро турнирнинг рапид йўналишидаги дастлабки партия ўйинлари бўлиб ўтди. Дунё рейтингида 5-ўринда бораётган Нодирбек Абдусатторов турнирнинг илк кунидаги 3 та тур ўйинларини ўтказди.

Дастлабки ўйинда нидерландиялик Аниш Гирини, 2-турда Доммараджу Гукешни мағлуб этган Нодирбек 3-турда қора доналарда ҳаракат қилиб, ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандхаага имкониятни бой берди.

Турнир низомига биноан рапид йўналишидаги баҳсларда ғалабага 2, дурангга 1 очко тақдим этилади. Блиц баҳсларида эса ғалабага 1, дурангга 0,5 очко берилади. Турнир ғолиби 40 минг долларга эга бўлади.

Ортда қолган уч тур натижасига кўра, мусобақа жадвалида руминиялик Кирилл Шевченко 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Магнус Карлсен ва Нодирбек Абдусатторов 4 очкога эга бўлган ҳолда кейинги поғоналарда бормоқда.

Бугун, 9 май куни халқаро турнирнинг 4-турида Абдусатторов германиялик Винсент Каймер билан рўбарў келмоқда. Ушбу учрашувда истеъдодли шахматчимиз оқ доналарда ҳаракатланади. 4-турнирнинг яна бир марказий баҳсларидан бири Кирилл Шевченко – Магнус Карлсен қарама-қаршилигида кечади.

Халқаро турнир 12 майга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА