Сўнгги геосиёсий воқеалар дунёда яна қутбланиш жараёнини бошлаб бераётгандай. Айниқса, Украина билан зиддияти асносида Россияга нисбатан қўлланаётган санкция жаҳон иқтисодиётига ҳам таъсир ўтказмоқда.

Қолаверса, бундай қарши чоралар Шимолий Корея, Эрон каби мамлакатларга нисбатан ҳам жорий қилинган. Бундай шароитда аксар қудратли давлатлар АҚШ долларига қарамликдан халос бўлиш мақсадида, жумладан, миллий валютада товар айирбошлаш ёки бартер усулида савдо қилиш амалиётидан фойдаланмоқда. Хўш, айни ҳаракатлар доллар қийматига таъсир қиляптими, халқаро ҳисоб-китобда Америка валютасининг аҳамиятини пасайтиришга уриниш натижа беряптими?

Яқинда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) геосиёсатнинг жаҳон савдосига таъсирига бағишлаб, маъруза эълон қилди. Ҳужжатда қатор давлатларнинг Қўшма Штатлар валютасига қарамликни камайтириш истагига қарамай, доллар жаҳон савдосида устунликни сақлаб қолмоқда, дейилган.

ХВЖ ҳисоботида келтирилишича, Геосиёсий таҳдид ортишига қарамай, сўнгги маълумотлар кўрсатмоқдаки, ер юзидаги савдо ва молиялаштиришнинг 80 фоиздан кўпи тўғри келаётган АҚШ доллари жаҳон савдосида ҳамон етакчи валюта бўлиб қолмоқда.

Хом-ашё товарлари савдосининг салмоқли қисми ҳамон долларда ҳисоб-китоб қилинмоқда. Бу ҳолат, гарчи айрим мамлакатлар ўз халқаро молия амалиёти ҳамда захираси нуқтаи назаридан кучли қарамликни қайта кўриб чиқаётганига қарамай, долларнинг етакчилигини ҳимоя қилади.

ХВЖ экеспертлари жаҳон иқтисодиёти геосиёсий қарама-қаршилик таъсирида уч гуруҳга – АҚШга ва Хитойга боғланган ёки бу давлатларга боғлиқ бўлмаган мамлакатларга бўлинганини таъкидламоқда.

ХВЖ ҳисоб-китобига қараганда, жаҳон иқтисодиёти уч алоҳида гуруҳга бўлиниши мавжуд товар, хизмат ва инвестиция чеклови сони ортишига олиб келди. 2023 йил жами чеклов миқдори 3 мингдан ошди.

Бундан ташқари ХВЖ мутахассислари таъкидлашича, 2017-2023 йилларда АҚШ импортида Хитой улуши 8 фоиз қисқарган. Бунга Пекин билан Вашингтон ўртасидаги келишмовчилик кучайгани сабаб бўляпти. Россия билан Ғарб ўртасидаги тўғридан-тўғри савдо миқдори эса Украина можароси шароитида бутунлай “чўккан”.

Маълумки, Халқаро валюта жамғармаси АҚШда жойлашгани билан тузилманинг акциядорлари барча аъзо давлатлар ҳисобланади.

1945 йил ташкил этилган ХВЖга қўшилиш Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкига аъзо бўлиш шартидир. Ҳозир жамғарма таркибига 182 давлат кирган. Тузилма ташкил этилишидан кўзланган мақсад ташқи савдо ўсишини рағбатлантириш, валюта курси барқарорлигини таъминлаш, аъзо давлатлар ўртасидаги жорий операциялар бўйича кўп томонлама ҳисоб-китоб тизимини яратишга ёрдам кўрсатиш, жаҳон савдоси ўсишига тўсқинлик қилувчи валюта чекловини бартараф этиш, тўлов мувозанатини сақлашга ёрдам кўрсатиш ва ҳоказо. Устав капитали 199 миллиард доллар бўлиб, аъзо давлатлар бадали ҳисобига шакллантирилади. Энг кўп квота АҚШ (тахминан 20 фоиз), Буюк Британия (6,5 фоиз), Германия (5,7 фоиз), Франция (4,7 фоиз), Япония (4,2 фоиз) ва Россия (3 фоиз)га тегишли.

Кредит бериш шартларидан бири шундай: қарз олувчи давлат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурини тақдим этади ва жамғарма тавсиясига амал қилади. Жамғарма Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Париж ва Лондон клублари билан доимий ҳамкорлик қилиб келади.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банкининг вазифаси турлича. Яъни, ЖБ узоқ муддатли иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни қисқартириш, ХВЖ эса мамлакатларда макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик масалаларига эътибор қаратади.

Сўнгги пайт Ғарб давлатлари билан муносабатда кузатилаётган совуқчилик сабаб Россиянинг ташкилотни тарк этиши ҳақида гап-сўз урчиди.

Яқинда ХВЖ бош акциядорлари Россия ташкилотдан кетса, бошқа мамлакатлар ҳам шундай йўл тутиши эҳтимолидан хавотир билдиришди. Экспертлар фикрича, бу тузилмани глобал мақомидан маҳрум қилиши мумкин. ХВЖнинг РФдан тайинланган ижрочи директори Алексей Можин “РИА Новости”га маълум қилишича, бош акциядорлар ҳозир Россиянинг ашаддий душманига айланган.

– Агар биз кетсак, жамғарма глобал институт мақомини йўқотишини уларнинг ўзлари ҳам яхши билишади, – дейди у. – Қолаверса, Россия ортидан бошқа мамлакатлар ҳам тузилмани тарк этиши мумкин.

Можин таъкидлашича, ҳозир Москвага жамғармадан ҳеч нима керак эмас, бироқ ҳужжатлар ва маълумотларга эга бўлишдан фойда бор.

С.Раҳимов, ЎзА