Миллий Олимпия қўмитасида мамлакатимиз Енгил атлетика федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Йиғилишда мамлакатимиз енгил атлетикачиларининг “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, мамлакат енгил атлетика федерацияси Ижроия қўмитаси аъзолари иштирок этган ҳисобот-сайлов йиғилишида Енгил атлетика федерацияси бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедов терма жамоа аъзоларининг ёзги Олимпия ўйинларига олиб бораётган тайёргарлиги юзасидан ҳисобот берди.

Шундан сўнг кун тартибидаги асосий масала кўриб чиқилди.

Федерация раиси лавозимида ишлаб келган Меҳриддин Абдуллаевнинг ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этиши ҳақида ёзган аризаси иштирокчилар томонидан қаноатлантирилди.

Ижроия қўмитаси тавсиясига ва делегатларнинг овоз бериши натижасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Сидиқов Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг раиси этиб сайланди.

Йиғилиш якунида Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг бориши, ўтказилаётган ўқув-машғулот йиғинлари, кутилаётган мусобақалардаги иштирок кўриб чиқилди.

Т.Рўзиев, ЎзА