Навоий шаҳридаги “Ёшлар марказида” Ўзбекистон “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Республикада биринчи ҳудудий «Yoshlar – U-Report – Hokim» мулоқоти бўлиб ўтди.

Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар парламенти аъзолари, “U-Report” кўнгиллилари, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар, улар томонидан илгари сурилаётган ташаббус лойиҳалар ва уларнинг натижалари ҳақида сўз юритилди.

Бевосита ҳамда онлайн тарзда ташкил этилган мулоқотлар чоғида дастлаб, «Навоий шаҳридаги коворкинг маркази қандай ишлаши керак?» ҳудудий сўров натижалари муҳокама қилинди.

Жорий йил ноябрь ойида ўтказилган сўровномаларда 650 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этиб, улар томонидан янгидан ишга тушириладиган коворкинг марказининг иш фаолияти хусусида турли фикр-мулоҳазалар билдирилган.

− Ёшларнинг 77 фоизи ташкил этиладиган марказларда бухгалтерия ва солиқ бўйича консалтинг хизматлари бўлиши лозимлигини, 30 фоизи эса интернет ва иш учун зарур воситалардан ташқари бизнес тренинг курсларини, 23 фоизи кутубхона, 10 фоизи кафе ва фанлар бўйича қўшимча дарслар ташкил этишга зарурат борлигини билдиришди, − дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

− Респондентларнинг 93 фоизи коворкингларда турли хил семинар ва ўқувлар ташкил этилишини билдирган бўлса яна 78 фоизи барча туманларда ҳам шаҳарлардаги қатори ҳар бир туманлар марказларида ҳам шу каби марказлар ташкил этиш лозимлигини таъкидлаган.

Онлайн мулоқотда Ўзбекистон “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов тадбир ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, бугунги кунда ёшларимиз томонидан илгари сурилаётган ташаббус лойиҳалар давлатимиз раҳбари томонидан доимо қўллаб-қувватланаётгани, ёшлар яратилаётган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланишлари ва ҳаракат қилишлари лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, бир гуруҳ тадбиркор ва ташаббускор ёшлар томонидан уларни қўллаб-қувватлашда яқиндан кўмак ва амалий ёрдам бериб келаётганлиги учун вилоят ҳокими К.Турсуновга миннатдорчилик хати топширилди.

Абдували БЎРИЕВ, Сирож Аслонов (фото), ЎзА