Давлат хизматлари агентлиги тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан одамнинг ақли шошади. Жуда катта ўзгаришлар ва енгилликлар яратилиши, албатта катта масъулиятни ҳам талаб этади.

Рақамлаштиришнинг ўзи соҳа ходимларини архив ҳужжатларини қайтадан компьютерга киритишни тақозо этади. Масалан, ишониб айтиш мумкинки, ҳар бир ФҲДЁ мудираси ҳар куни иш юзасидан 50-60 йиллар аввал тўлдирилган фуқаролик ҳолатлари далолатнома ёзувларини варақлайди.

Қоғоз кўринишдаги мазкур сақланмаларга доимо эҳтиёж мавжуд. Қарийб сал кам бир асрлик ҳужжатлар ичидан ким туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини қайта тиклаган, кимга мерос иши бўйича ўлим гувоҳномаси зарур бўлган, яна биров никоҳ гувоҳномасини қайта тиклашни истайди. Хуллас, ФҲДЁ архивидан ҳужжатлар олиш анчагина вақт талаб этиладиган ҳолат эди.

Шу боисдан фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини рақамли кўринишга келтириш бўйича давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан республикамизнинг барча ҳудудларида ФҲДЁ соҳасида рақамлаштириш ишлари қизғин давом этди.

Бугун ФҲДЁ идораларида сақланаётган жами 60 миллиондан ортиқ фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларининг қарийб
4,5 миллиони Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Ҳозирги кунда пойтахтдаги мавжуд 15 та ФҲДЁ органлари архивидаги далолатнома ёзувларининг 4 миллиондан ортиғи рақамли кўринишга келтирилди. Йил якунига қадар барча ФҲДЁ архив маълумотномалари тўлиқ рақамлаштирилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қоғоз кўринишидаги архив маълумотларини электрон шаклга ўтказиш ишлари учун яна 250 дан зиёд фуқаро билан ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномалари тузилган. Шунча фуқаро вақтинчалик бўлсада, иш билан таъминланган.

Қўйилган мақсад битта – ФҲДЁ органлари архив ҳужжатларини рақамлаштириш билан электрон ҳукумат ҳамда онлайн давлат хизматлари ривожланишига эришиш ва албатта фуқароларга қулайликлар яратиш.

Бунда энг аввало, фуқароларнинг кўп вақт кутиб қолиши ва навбатлар юзага келишининг олди олинади. Ислоҳот соҳада ошкораликни таъминлайди ҳамда давлат хизмати кўрсатиш жараёнида инсон омили аралашуви камайишига яна бир қадам ҳисобланади. Натижада коррупция каби салбий иллатларнинг олди олинади ва бюрократик ҳолатларнинг йўқолишига сабаб бўлади.

Келгусида рақамлаштириш ва электронлаштириш натижасида ФҲДЁ соҳасидаги архив маълумотномаларини кунлар эмас, балки соатлар ва дақиқалар ичида олиш имкони пайдо бўлади.

Жамшид ЮСУПОВ,
Давлат хизматлари агентлиги
Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари