Бугун Афғонистон Ислом Республикаси Мозори Шариф шаҳрида Ўзбекистон – Афғонистон ўртасида трансчегаравий савдони ривожлантириш бўйича Ишчи комиссиясининг навбатдаги иккинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Ўтган йилнинг 5 ноябрь куни Термиз туманидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида нуфузли Ишчи комиссия ўтказган биринчи мажлисда давлатларимиз ўртасидаги чегара, савдо, чегараолди масалаларида юзага келаётган муаммолар ечими биргаликда муҳокама этилиб, тегишли таклифлар илгари сурилган ҳамда Ишчи комиссиясининг иккинчи мажлисини Мозори Шариф шаҳрида ўтказишга келишилган эди.

Сурхондарё вилояти ҳокимининг ахборот хизмати раҳбари Захириддин Тўраевнинг Мозори Шариф шаҳридан хабар беришича, Ишчи гуруҳнинг бу сафарги мажлиси ҳам юқори савияда ташкил этилиб, икки томонлама манфаатли келишувларга эришилган.

Учрашувда Ўзбекистон томонидан Ишчи комиссия раиси, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Афғонистон томонидан Ишчи комиссия раиси, Балх вилояти волийси Муҳамамад Фарход Азими сўнгги йилларда икки қўшни давлат ўртасида ўзаро дўстлик, биродарлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб, иқтисодий савдо, маданият, туризм, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари янада ривожланишига катта ишонч билдирган.

Қадим Амударёнинг икки қирғоғида жойлашган ўзбек ва афғон халқи азалдан яқин қўшни, дўст-биродар, оға-ини бўлиб, яшаган. Оғир кунларда бир-бирига елкадош бўлган, қувончларини ўзаро баҳам кўрган. Ўтмишда дини бир, урф-одат, анъана ва маданияти жуда яқин Афғон заминида Абу-Райхон Беруний, Камолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб, Мавлоно Лутфий, Ҳазрат Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари кўплаб буюк аждодларимиз қўним топган.

Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ўртасида ўтказилган олий даражадаги учрашув ҳамда музокаралар мамлакатларимиз ўртасида икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун янги саҳифани очди. Шунга мувофиқ давлатларимиз ижтимоий-иқтисодий, маданий, савдо, таълим, тиббиёт, инвестиция ва бошқа йўналишларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга катта аҳамият бермоқда. Ўтмишдаги яқин алоқалар қайта тикланаётир.

Бундай эзгу ишлар самараси Сурхондарё вилоятида қўшни мамлакат сармоядорлари иштирокидаги қўшма корхоналар сони кескин ошганида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, 2018 йил жанубдаги воҳада афғонистонлик ишбилармонлар иштирокида 103 та хорижий ҳамда қўшма корхона фаолият юритган, жорий йилда уларнинг сони 268 тага етди. Сайёрамизга коронавирус инфекцияси чанг солган якунланаётган йилнинг ўтган даврида афғонистонлик тадбиркорлар ҳудуднинг саноати, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларига 13 миллион доллар қийматида сармоя жалб этди. Сурхондарёдан қўшни давлатга 42 миллион доллар қийматидаги турли маҳсулот экспорт қилинди. Шундан 30 миллион долларлик ёки 41 минг тоннаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидир.

Вилоятда 2020-2021 йилларда афғонистонлик ишбилармонлар ҳамкорлигида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида барпо этилиши кўзда тутилган 46,8 миллион долларлик 44 та тўғридан-тўғри инвестицион лойиҳа бўйича ишлар изчил давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси асосида воҳага хорижий инвесторларни жалб этиш, уларга қўшимча қулайликлар яратиш учун Афғонистон Ислом Республикаси ва Сурхондарё вилояти чегара олди ҳудудида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ҳамда “Термиз халқаро савдо маркази” ташкил этилгани бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш учун кенг имконият яратди. 26 гектар майдонда барпо этиладиган “Термиз” халқаро савдо марказида замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш хизматлари, электрон савдо порталлари ташкил этилиб, афғон фуқаролари учун тўлиқ савдо-сотиқ қилиш муҳити яратилаётир.

Президентимиз ташаббуси билан Термиз туманида қад ростлаган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ўтган йилларда 96 нафар афғон ёшлари ўзбек тили ва адабиёти йўналиши бўйича билим олиб, олий маълумотли малакали мутахассис бўлди. 450 талабага мўлжалланган замонавий таълим муассасасида бу йил яна қўшни мамлакатнинг 20 та вилоятидан келган 172 нафар афғон йигит-қизлари “Ўзбек тили ва адабиёти”, “Олий ҳамширалик иши”, “Ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси” йўналишларида таьлим олмоқда.

Дунёда ҳозирча муқобили йўқ марказда Афғонистон давлати учун иқтисодиётнинг турли соҳалари ҳамда қишлоқ хўжалиги бўйича етук мутахассислар тайёрлаб бериш имконияти мавжуд. Дўст мамлакат ёшлари учун кичик бизнес ва тадбиркорликни, ички туризмни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, темир йўл, тикувчилик, тасвирий ва халқ амалий санъати, кулолчилик, чилангарлик, компьютер саводхонлиги, қандолатчилик ва бошқа мутахассисликлар бўйича курслар ташкил этишга барча қулайлик яратилган. Шунингдек, мамлакатимиздаги 160 дан ортиқ, воҳадаги олтита олий таълим муассасасида афғон ёшларининг бакалавр, магистратура, докторантура йўналишларида ўқиш имконияти бор. Афғонистонлик фуқаролар учун қадимий воҳада марказлашган ҳолда саломатлик туризмини йўлга қўйиш, диагностика марказлари ва хусусий клиникаларда кунлик навбатсиз қабулларни ташкил этиш, ўзбек-афғон миллий маданият ҳафталигини жорий этиб, таниқли санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар билан ижодий алоқаларни ўрнатиш, ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб, саноат корхоналари кооперациясини ривожлантириш орқали фойдали қазилмалардан самарали фойдаланиши мумкин. Масалан, вилоятдаги “Комфорт Инвест Сервис” корхонаси Шеробод туманида йилига 36 минг квадрат-метр гранит ва мармар ишлаб чиқариш қувватига эга 7 миллион долларлик лойиҳани амалга оширган. Афғон тадбиркорлари ҳам замонавий корхонада жаҳонга машҳур гранит, мармар ва оникс хом ашёсини қайта ишлаши учун қулай муҳит ва катта имконият бор.

Ўзаро конструктив рухда ўтган мажлисда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати атрофлича муҳокама этилиб, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари белгилаб олинди.Таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон Ислом Республикасидаги махсус вакили Исматулло Эргашев, Афғонистон Ислом Республикасининг Термиз шаҳридаги бош консули Сангин Скандари, Ўзбекистон Республикасининг Мозори Шариф шаҳридаги консули Жавҳар Фаттоев иштирок этди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА