Ҳар биримиз савдо дўконларидан кунда ёхуд кунора эҳтиёжимиз учун нимадир харид қиламиз. Кўп ҳолларда харидимиз учун бериладиган чекни сотувчилар тақдим этмайди ёки ўзимиз талаб қилмаймиз. Ҳолбуки, чекни талаб қилиш – давлат бюджетига солиқлар тушуми ортишига, яширин иқтисодиёт улушининг қисқаришига хизмат қилади.

Орамизда бизга арзимасдек ҳисобланган харид чекини олишга эринмайдиган, бу борадаги ҳуқуқларини яхши биладиган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Айнан ана шундай юртдошларимизнинг эътибори туфайли айрим тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий даромадини яширишга уринаётгани фош бўлмоқда.

Истеъмолчиларга харид чеки берилмаслик ҳолатлари бўйича аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар, ана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича давлат солиқ хизмати идораларига “Soliq hamkor” тизими орқали келаётган мурожаатлар соҳа ходимлари томонидан сайёр текширувлар ўтказилмоқда.

Асака тумани солиқ инспекциясига тумандаги ун савдоси билан шуғулланувчи “Шарқ савдо гавҳари” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дўконда харидорларга харид чеки берилмаётганлиги юзасидан хабар келиб тушган. Мурожаатда кўрсатилган манзилда сайёр солиқ текшируви ўтказилди. Ушбу савдо нуқтасида онлайн-НКМ касса машинаси ўрнатилган бўлса-да, ундан доимий  фойдаланилмаётгани, оқибатда бир куннинг ўзида 11 миллион 651 минг сўмлик нақд савдо пули ҳам кирим қилинмаганлиги аён бўлди.

Қўрғонтепа туманидаги “Наргизабону” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихонада ҳам нақд пулни яшириш ва шу орқали солиқдан қочиш ҳолати аниқланди. Харид учун чекнинг берилмаганлиги туфайли олиб борилган суриштирув натижасида кун давомида савдодан тушган 1 миллион 109 минг сўм нақд пул ҳам кассага крим қилинмаганлиги ошкор бўлди.

Асака тумани Дастурхончи маҳалласи ҳудудида жойлашган “Андтош – келажак” масъулияти чекланган жамиятига қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчасида харидорга 35 минг сўмлик харид учун касса чеки берилмаган. Холислар иштирокида ғазнадаги савдо пуллари саноқдан ўтказилганида ўша куни 16 миллион 57 минг сўм нақд пул онлайн назорат касса машинасига кирим қилинмаганлиги маълум бўлди.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича солиқ идораси ходимлари томонидан тегишли шахсларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари  расмийлаштирилди.

Шу ўринда савдо қоидаларига риоя этмаётган тадбиркорлар унутмасликлари керак. Яъни харид учун  чек беришни рад этиш ёки чекни бермаслик Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 221-моддасига мувофиқ 5 миллион сўм миқдоридаги жарима солинишига сабаб бўлади.

Андижон вилоятида давлат солиқ идоралари томонидан юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА