Аввал хабар берилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қиш мавсумига тайёргарлик масаласида видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Йиғилишда жойларда ис газидан заҳарланиш ва чақнаш ҳолатлари ҳам учраётгани таъкидланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида бундай нохуш ҳолатлар оқибатида 106 нафар  фуқаро вафот этган, 190 нафари заҳарланган ва куйиш тан жароҳати олган. Жумладан, бугун Янгийўл туманида 3 нафар фуқаро ис газидан оламдан ўтган.

Президентимиз Янги йил байрами кунлари ёнғин хавфсизлиги, ис газидан заҳарланиш ва чақнашлар билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича мутасаддилар ҳушёрликни янада ошириши кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, айниқса, меҳрибонлик ва мурувват уйлари, мактаб, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасаларида ёнғинга қарши профилактика ишларини ўтказиш, уларнинг тайёргарлик жараёнларини янада кучайтириш чораларини кўриш бўйича вазифалар белгиланди.

ЎзА