Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида ёш авлодни миллий ғоя, жасорат ва матонат руҳида тарбиялашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган фаол замондошларимиз тимсолини яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан «Бизнинг театр» мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда театршунос олимлар, драматурглар, театр фахрийлари, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Театр Арбоблари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси худудий бўлими раиси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Райхан Сапарова «Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрининг вижудга келиши ва ривожланиш босқичлари», Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали ўқитувчиси, театршунос, драматург Жаббарберган Хожанов «Ёш томошабинлар театри ва миллий драматургия», театрнинг адабий бўлими бошлиғи Дариха Дарушова «Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрининг кейинги йиллардаги фаолияти», Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали талабаси Бабур Собиров «Театр репертуаридаги спектакллар» мавзуларида маъруза қилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, таниқли драматург Алписбай Султанов, Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрининг бош режиссёри, «Дўстлик» ордени соҳиби Мурат Бегимов ва бошқалар ёш томошабинлар театрида саҳналаштирилаётган спектакллар ҳақида ўзларининг фикрларини билдиришди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги «2018-2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қароридаги чора-тадбирлар режасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бундай тадбирлар ёш авлоднинг театрлар тарихи ва фаолияти ҳақида маълуматларга эга бўлишида, уларни соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фидойиларнинг ижод йўли билан таништиришда муҳим аҳамият касб этади. Ёшлар маънавиятини юксалтириш мақсадида буюк сиймолар, замонамиз қаҳрамонларини, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларини акс эттирган, бадиий юксак саҳна асарларини яратишда келгусидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Анжуман якунида меҳмонлар эътиборига театр репертуаридаги спектакллардан лавҳалар, театрлаштирилган композициялардан иборат концерт дастури намойиш этилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА