Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар “Келажак бунёдкори” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини маъқуллади.
Қонун билан “Келажак бунёдкори” медалининг тавсифи ва “Келажак бунёдкори” медали тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Ушбу Низом “Келажак бунёдкори” медали билан халқ манфаатлари йўлида садоқат билан хизмат қилаётган, юксак ватанпарварлик, фидойилик ва меҳнатсеварлик фазилатларини намоён этиб келаётган, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва шон-шуҳратини юксалтиришга муносиб ҳисса кўшаётган, жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаоллиги ва ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган, ўқишда ва меҳнат фаолиятида катта ютуқларга эришган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мукофотланиши тартибини белгилаб беради.