11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Туркманистон етакчиси ва қардош туркман халқини ушбу мамлакат Бетарафлигининг 25 йиллиги билан самимий муборакбод этиб, тинчлик, фаровонлик, тараққиёт ва равнақ тилади.
Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликка оид ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Президентлар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани ва бугун улар жадал суръатда ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Савдо, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва транзит, ҳудудлараро ришталар ва гуманитар дастурлар каби муҳим соҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш борасида амалий алоқаларни йўлга қўйиш ва қўшма тадқиқотлар ўтказиш бўйича келишиб олинди.
Олий даражада эришилган келишувларни сўзсиз рўёбга чиқаришда қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг самарали иши ва фаол идоралараро мулоқот муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.
Давлат раҳбарлари жаҳондаги вазият юзасидан фикр алмашдилар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги анъанавий яқин мулоқотларни ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олдилар.
Президентлар минтақавий ҳамкорлик истиқболларига алоҳида тўхталдилар, шунингдек, бўлажак МДҲ саммитига тайёргарликни муҳокама қилдилар.
Суҳбат ҳар доимгидек самимий ва дўстона руҳда ўтди.