«Дугоналар бормисиз, омонмисиз,
Жам бўлишиб, очилиб гулзормисиз…»

Ушбу сатрларни хиргойи қилмаган, тингламаган юртдошимиз бўлмаса керак.

Бу сатрлар шоир, ёзувчи, йирик давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов қаламига мансуб бўлиб, «Самарқанд куйлари» номли илк шеърий китобчасида босилган ушбу шеърни ўз онасининг хотирасига бағишлаган.

Қарангки, замонлар ўтиб, Ўзбекистоннинг собиқ биринчи раҳбари, йирик давлат ва жамоат арбоби, ўзбек халқининг қалбидан чуқур ўрин эгаллаган Шароф Рашидовнинг ўзи ҳақида ҳам кўплаб хотиралар, асарлар битилмоқда.

Ана шундай чин дилдан самимий битилган хотиралардан бири – ўзбек халқининг асл фарзанди Шароф Рашидов иштирок этган кўплаб тадбирларни Москванинг «Время» ахборот дастурида ёритган тележурналист, ҳозир Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида фаолият юритаётган Ирисмат Абдуҳолиқовнинг қаламига мансубдир.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, доцент Сайди Умиров сўзбоши ёзган мазкур «Шароф Рашидов. Ҳақиқат ва ривоят» асарида бугун ва ўтмиш, инсон ва унинг тақдири, замон билан истиқбол тушунчалари кўз илғамас иплар билан боғлангани билан миллий журналистикамизда муҳим аҳамият касб этади.

Яна бир гап. Борлиқда азалий қарама-қарши унсурлар: сув ва олов, ибтидо ва интиҳо, тирклик ва ўлим эзгулик ва ёвузлик, ёруғлик ва зулмат, ҳиссизлик ва ҳаяжон сингари антонимик қарашлар мавжуд. Бу ҳолатлар «Шароф Рашидов. Ҳақиқат ва ривоят» асарида ҳам батафсил ёритилган.

Хорижий оммавий ахборот воситалари, рус ва ғарб журналистикасининг анъаналари кўзга ташланиб турган, қизиқарли бу хотираларни сизларга ҳам илиндик. Сайтимизни мунтазам кузатиб борсангиз, ушбу асар билан танишиб, ўзингиз хулоса чиқарасиз.

“Пахта ва қор эпопеяси”, “Режада бўлмаган объектлар ёхуд халқ мероси”, “Брежнев можароси”, “Ўртоқ Андропов келганларидан кейин”, “Шароф Рашидовнинг рақиби”, “Ширин ёлғон ва аччиқ ҳақиқат” каби сарлавҳаларга ажратилган воқеалардан кўпгина саволларга жавоб топсангиз, ажаб эмас. Бугун ҳавола этилаётган хотиралардан бири сизнинг эътиборингиздан четда қолмайди деган умиддамиз. 

СЎЗБОШИ


Журналист бўлиш зўр-да. Кўрмаган жойларни кўрасан, не-не уламою фузалолар билан суҳбатда бўласан, кўпчилик иштирок этмаган катта-катта тадбирларда қатнашасан. Вазифанг тақозоси, редакциянинг топшириғи билан журналистик гувоҳноманг ёрдамида дунёнинг энг қайноқ нуқталарида, фавқулодда ҳодисалар юз бераётган жойларда ҳаётингни хавф остига қўйиб бўлса ҳам ҳозир бўласан, воқеаларнинг ичига кириб, уларни идрок этиб, мушоҳада қиласан, материаллар тайёрлайсан. Кўп сонли, радио ва телевидениеда эса кўп миллионли аудитория сенинг репортажларингга, нуқтаи назаринг, таҳлилингга қараб воқеа-ҳодисалар ҳақида тасаввур ҳосил қилиб, тегишли хулосалар чиқаради.

Ўзбекистоннинг собиқ биринчи раҳбари, йирик давлат ва жамоат арбоби, ўзбек халқининг қалбидан ўрин эгаллаган Шароф ака Рашидов ҳақида сўнгги пайтда кўп ёзиляпти. Бу хотиралар у кишига нисбатан катта ҳурмат-иззат юзасидан, чин дилдан самимий битилмоқда. Бу халқимизнинг, у киши билан бирга ишлаган сафдошларининг, ёзувчи, журналистларимизнинг Шароф Рашидов хотирасига бўлган чуқур ҳурматидан далолат беради. Сизнинг қўлингиздаги китобда айрим хотиралардагидек бу буюк тарихий шахс ҳақида умумий гаплар йўқ, унда воқеа қисқа, лўнда, ширин тил билан образли қилиб ёритилади, уларнинг содир бўлган вақти, жойи, Шароф ака билан мулоқотда бўлган кишиларнинг исми-шарифи аниқ кўрсатилади, кенг ва чуқур мулоҳаза юритилади.

Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ёзилган бу лавҳаларни жанр бўйича мемуар услубида битилган бир хотирот асар деб бўлмайди, хотираларда биз дадил мулоҳаза, нозик мушоҳада, чуқур таҳлил, шахс, воқеликка юз-хотирсиз баҳо бериш ҳолларини кўрамиз, қисқа қилиб айтганда, бу интеллектуал проза унсурларини ўзида мужассамлаштирган реал ҳаётнинг бадиий-публицистик баёни, ифодасидир.

Журналистлар содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар тўғрисида энг кўп, ноёб, ҳатто айрим пайтларда кўпчиликдан сир сақланган маълумотларга ҳам эга бўладиган касб эгаларидир. Сезилиб турибди, асар Шароф Рашидовни кўрган, билган, у киши билан бевосита мулоқотда бўлган одам томонидан ёзилган. Хотираларни ўқиб Шароф Рашидовнинг қиёфаси кўз олдимизда яққол намоён бўлди. Бу журналистнинг ҳаётий образларни яратишдаги маҳоратидан, воқеа-ҳодисаларни баён этишда воқеликка, фактларга, ҳужжатлиликка қатъий риоя қилганлигидан далолат.

Машҳур рус журналисти Анатолий Агроновский журналист касби ҳақида гапира туриб шундай деган эди: кўрдим, эшитдим, тахмин (тасаввур) қилдим. Ҳақиқий журналист ана шундай ижод қилади. Ҳар гал ҳам барча воқеа-ходисаларни кўриш ёки эшитишнинг иложи йўқ. Мумкин ҳам эмас. Ана шу пайтда бўлажак журналистик асарнинг етмаётган халқаларини тиклаш, воқеани тўла тасаввур қилиш ва қоғозга туширишда ижодкорнинг тасаввури, тахмини ёрдамга келади.

Хотираларда берилаётган ҳам ноёб, ҳам қизиқарли воқеа-ходисаларнинг кўпини муаллифнинг ўзи шоҳиди, гувоҳи бўлган – кўрган, эшитган, иштирок этган. Воқеа-ходисаларнинг етмай қолган халқаларини эса Аграновскийнинг таъбири билан айтганда, у илҳом ва мантиқнинг изчил қонун-қоидалари асосида тахмин қилади, кўз олдига келтиради ва қоғозга туширади. Тўғри, тахмин қилишда ҳақиқатдан четга чиқиш, адашиш ҳоллари юз бериши ҳам мумкин. Лекин изламаган йўлни, ечимни топа олмайди. Шуниси алоҳида диққатга сазоворки, мазкур асарда муаллифнинг кўргани, эшитгани қандай жозибали бўлса тахмини ҳам шунчалик мантиқий ассосли, ишонтирарли ва мароқлидир.

Журналистнинг ҳар нарсадан ҳам муҳим бўлган битта вазифаси, бурчи бор. У ҳам бўлса воқеани ёритишда ҳақиқатни мезон қилиб олиш, унга ёлғонни аралаштирмаслик, бирон-бир шахс, у ҳатто катта лавозимдаги амалдор бўлса ҳам, бир тарафнинг, бир томоннинг ёки доира-давраларнинг таъсирига тушиб қолмаслик, ҳеч кимнинг ёнини олмай ўзининг фикрини айтиш, одил хулосасини чиқариш (сабаби, у ёзган сўзлари учун виждони, халқи, қонун олдида жавоб беради), қаҳрамони қандай бўлса, худди шундай тасвирлаш, воқеа-ҳодиса қандай кечган бўлса, худди шундай оғишмай акс эттиришдир.

Асар, айниқса, миллий журналистикамиз амалиётида кам учрайдиган мавзулар ва уларнинг дадил чуқур публицистик таҳлили билан диққатга сазовордир. Хотирада ёдга олинаётган воқеа-ҳодисаларнинг кўпчилиги бугун халқимизнинг, давлатимизнинг тарихига айланиб, қўлланма-ю дарсликларга кирган.

Асардаги Шароф Рашидов ҳаётига оид айрим воқеа-ҳодисаларга муаллифнинг ўзи бевосита шоҳид бўлмаган, бу ҳақда маълумотни ўзга, лекин ишончли манбалардан олган, айрим воқеаларнинг гувоҳлари қолмаган, уларни тасдиқлаб ҳам, инкор этиб ҳам бўлмайди. Ана шундай воқеалар баёнида биз муаллифнинг хотирасига, ростгўйлигига, ҳақиқатпарварлигига ишонамиз, таянамиз.

Хотираларда, шунингдек, муаллифнинг Шароф Рашидов билан бўлган бевосита учрашувлари, мулоқотлари, кузатувлари, у киши ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, олган таассуротларию чиқарган хулосалари ўрин олган.

Асарнинг тили, баён услуби, баҳолаш мезонлари биз кўникиб қолган услубдан бироз фарқ қилади. Унда Москва Марказий телевидениеси, хорижий оммавий ахборот воситалари, рус ва ғарб журналистикасининг анъаналари кўзга ташланиб турибди.

«Хотираларда айрим тахминлар, ҳақиқатга яқин бўлган субъектив ёндашувлар ҳам учраши мумкин. Ана шу ва бошқа ўзига хосликлар учун, шунингдек, кимгадир кўпроқ меҳр билдириб, ким ҳақидадир қаттиқроқ гапирган бўлсак аввалдан маъзур тутишларини сўраган бўлар эдик ва йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишда, уларни тўғрилашда ҳамкасбларим ва сиз китобхонларнинг ёрдамларини кутиб қоламан», – дейди муаллиф. Келинг, муаллиф фикри, нуқтаи назари, мулоҳазаларини ҳурмат қилайлик, у киши ўша тарихий воқеа-ҳодисаларнинг ичида юрган, уларнинг шоҳиди бўлган. Муаллифга биз кўрмаган ва билмаган воқеаларни гапириб бергани, буюк инсонлар билан, авваламбор, Шароф Рашидовдек инсон билан таништиргани учун миннатдорчилик билдириб ушбу хотираларни ўқишга киришайлик. 

Сайди Умиров,
Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети
Халқаро журналистика факультети доценти,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган
ёшлар мураббийси 

ХХ асрнинг шоири замонлари Евгений Евтушенко, Андрей Вознесенский, Белла Ахмадуллина, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи сингари ижодкорлар халқнинг дилидаги гапларни топиб, юз-хотир қилмай дадил айтганлари учун «олтмишинчи йилларнинг олтин авлоди» деган мўътабар номга сазовор бўлди.

Бу даврда Ўзбекистон ҳам Шароф Рашидов сиймосида миллатнинг орзу-умидлари, мамлакат аҳолисининг ташвишу қувончлари билан яшайдиган, катта раҳбарлик салоҳиятига эга бўлган, камтарин раҳбарга ёлчиди. У киши вафот этган куни ҳатто Ғарбдаги «душман овозлари» ҳам ўз ахборотларида: «КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзолигига номзод, Совет Иттифоқининг юксак маданиятга эга бўлган энг зиёли аъзоларидан бири қазо қилди», – деб хабар берган эди. Мураккаб даврнинг ютуқ ва камчиликларини ўзида акс эттирган бу буюк шахснинг ҳам номи Марказ(1) буйруғи билан (ҳатто ўзининг «содиқ» шогирдлари томонидан ҳам) маълум муддатга бадном этилди. Яхшиямки, холис ҳакам – ҳазрати Вақт бор: у барча нарсани жой-жойига қўяди, қорани оққа, сохтани покка юқтирмайди.

Журналистик фаолиятимда турли вазиятларнинг гувоҳи бўлганман. Айни қирғинбарот уруш кетаётган йиллари ижодий сафар билан икки марта Афғонистон ҳудудига ўтиб «Время»га репортажлар тайёрлаганман, Чернобиль ҳалокати юз берган ҳудудда бўлиб, Иккинчи жаҳон урушида қўлига ёғоч милтиқ олиб, «замбаракка гўшт»(2) бўлган ватандошларимиз – ўзбек жангчиларининг қабрларини зиёрат қилганман.

Тошкент вилоятидаги бир ватандошимиз Иккинчи жаҳон урушида асирда бўлгани, лекин хоинлик қилмагани, ватанига содиқ қолганини ҳарбий комиссариатга ҳеч тушунтира олмай ярим асрдан зиёд ўзининг тоғли қишлоғида оддий чўпон, деҳқон, боғбон бўлиб боши хам, юраги тўла алам билан бечораҳол умргузаронлик қилаётгани тўғрисида кўрсатув тайёрлаганман. Яна бир уруш фахрийси, Франция қаршилик ҳаракатининг ўзбекистонлик иштирокчиси ёрдамимиз туфайли Иккинчи жаҳон уруши фахрийси мақомини олиб, ҳарбий ҳужжатларини тиклаган.

Шу ўринда тақдир мени шу пайтда Республикамизга раҳбарлик қилган Шароф Рашидов билан бирга ишлаш, пахта далалари, саноат корхоналари, самолёт салонлари, сафарлар, мажлису тадбирлар, дастурхон атрофида бевосита бирга бўлиш ва мулоқот қилиш бахтига муяссар этган. Бу атоқли давлат арбоби Ўзбекистонга чорак асрдан зиёдроқ муддат раҳбарлик қилди. У совет мустамлакачилиги даврида дипломатларга хос чора-тадбирлари билан ўз мамлакати манфаатини кўзлаб иш кўрди. Аниқроқ айтганда, Ўзбекистон учун, ўзбек халқи учун жонини аямай ишлади. Буни ўз халқи ҳам, жаҳон ҳамжамияти ҳам тан олди. Китобда у киши билан боғлиқ айрим хотира ва фикр-мулоҳазаларимни баён қилишга жазм этдим. Ўйлайманки, улар ўқувчида Шароф Рашидов феномени ҳақида муайян тасаввур уйғотади.

БИР ЛАҲЗАЛИК ДИЙДОР ХОТИРАСИ

Тарихда шундай инсонлар бўладики, улар юқори идораларда, катта мансабу юксак лавозимларда фаолият кўрсатишади, айни пайтда, ҳаётда камтар, камсуқум бўлишади, жаҳоншумул масалаларни ҳал қилишади, шу билан бирга, юмшоқ фелли, оқкўнгил, самимий, лекин ўзларига ҳам, атрофидагиларга ҳам муносабатда бирдай: талабчан, одил; халқ фаровонлиги, улуғвор ғоялару пок орзу-ниятларини амалга ошириш йўлида жонини жабборга беришга ҳам тайёр туришади.

Дунёда яна шундай инсонлар бўладики, уларнинг ҳар босган қадами ўзи бир тарихдир. Боз устига, у киши халқ ҳурматига, миллат меҳрига сазовор йирик давлат ва жамоат арбоби бўлса, бундай шахсларнинг табаррук номи халқ ёдида бир умрга муҳрланиб қолади, ундай инсонлар ҳақида достонлар, қиссалар, поэтик ва драматик асарлар битилади.

Бундай шахслар уларга берилган қобилият, ақлу заковат, куч-қудрат ва халқ томонидан билдирилган катта ишонч билан кўҳна тарих ғилдирагини ҳаракатга келтиришади. Улар элу улусга чин дилдан раҳнамолик қилишади, халқнинг ҳаёти, унинг қувончию ташвишлари билан яшашади, одамларнинг қалбидаги дардини топиб гапиришади. Шароф Рашидов худди ана шундай инсонлар қаторидан ўрин олган.

Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини битириш арафасида Ўзбекистон телевидениесининг «Ахборот» муҳарририятида мухбир сифатида иш бошладим. Икки тилда репортаж бераётган пайтларимда мени «Время»га ишлаш шарти билан Ўзбекистон Телерадиоқўмитасининг Москвага кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлайдиган муҳарририятга бош муҳаррир этиб тайинлашди.

Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси Бюросининг мен қатнашаётган биринчими ё иккинчи йиғилиши тугаши билан олдимга Марказқўм ходимларидан бири келиб:

– Сиз мен билан юринг, Шароф Рашидов чақиряптилар, – деди.

Қабулхонада Ўзбекистон Телерадиоқўмитасининг раиси Убайдулла ака Иброҳимов ҳам ўтирар эди. Мен киришим билан у киши:

– Келдингизми, юринг, Шароф ака сўраяптилар, – деди ва биз КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзолигига номзод, Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котибининг иш кабинетига кирдик.

Кенг хона… Икки тарафида стуллар териб қўйилган узун стол… Кўча томондаги ойналарга оқ пардалар тортилган. Улар қия очиқ. Кираверишда қаршингиздаги деворда иккала қўлида «Правда» газетасини ушлаган ва бир сониягагина нигоҳини ташлаган «доҳий»нинг синчков зийрак кўзлари сизга қараб турибди, ён деворда эса навбатдаги Иттифоқ раҳбарининг портрети… Котиб ўтирган курсининг қаршисида полда паст овозда бонг урадиган бўйи тахминан бир ярим метр келадиган узун думалоқ капгирли соат «чиқ-чиқ» этиб эшитилар-эшитилмас товуш бериб турарди.

– Келинглар, ўтиринглар, – деди Шароф ака менга синчковлик билан қараб. Бу менинг Шароф Рашидов билан тор даврадаги биринчи юзма-юз учрашувим эди.

Мен ўзимни бироз ноқулайроқ сезиб тортиниброқ стул чеккасига ўтирдим. Юрагим уришини сезяпман. Ҳар ҳолда, юқори лавозим, катта обрў ва шу дақиқада маълум маънода сизнинг шахсингизга ҳам бўлган диққат-эътибор ўз таъсирини кўрсатар экан. Шу пайтдаги ҳаяжонимдан ҳатто ҳозир ҳам бу учрашувда бўлган кўп гапларни тўлиқ эслай олмайман.

Шароф ака биринчи гапиданоқ мақсадга ўтди, аввал Олег Орловнинг (3) қаерда эканлигини сўради. Убайдулла Ёқубович унинг Москвага, «Время» дастурига у ердагиларга ҳўл мева-чева, қовун-тарвуз олиб кетганлигини айтди.

– Қаранг, отаси бу ерда хўжайин, ўғли бўлса Москвада, – деб уларнинг хатти-ҳаракатларидан норозилигини билдирди Шароф ака.

Шу ерда кичкина бир чекиниш қилишимизга тўғри келади. Бу гапни менга ҳеч ким айтган эмас, лекин воқеалар ривожини кўриб турган ва озгина бўлса ҳам мушоҳада қилиш қобилиятига эга одамга бу ойдек равшан эди. Москванинг Ўзбекистондаги вакиллари бўлган отаси Георгий Орлов Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасидаги раҳбар кадрларни танлаш, тайинлаш билан шуғулланадиган Марказқўм нинг энг жиддий, энг муҳим ташкилий бўлими мудири бўлса, ўғли Олег Орлов Москва телевидениеси «Время» ахборот дастурида Ўзбекистондан телевидение экранига кимни чиқариш, кимни чиқармаслик масаласини, ким ҳақида ижобий, ким ҳақида танқидий материал беришни ҳал қиладиган ва амалга оширадиган шахслардан бўлиб қолишганди. Ота-бола ана шундай ишларни ўз қўлларига олган ва бу соҳада ўз сиёсатини юритишаётган эди. Охирги пайтда улар айрим ишларни Марказқўмнинг мутасадди масъул ходимлари билан, Шароф ака билан келишмай бемаслаҳат қиладиган бўлиб қолишганди. Бу эса, сўзсиз, Ўзбекистон раҳбариятининг норозилигига сабаб бўлаётганди. Шу сабабдан бўлса керак, Шароф ака суҳбат бошланишидан аввал менинг олдимда ҳеч қандай шарҳ ва тафсилотларсиз Республика Телерадиоқўмитасининг раиси Убайдулла Иброҳимовга қараб: «Отаси бу ерда хўжайин, ўғли эса Москвада», – деб бекор ранжимаётганди. Янада теранроқ мушоҳада қилганда, Шароф аканинг бу ҳаракати Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилишдан анча аввал юз йилдан кўп давом этаётиб келаётган тобелигига барҳам беришга, «катта оға»лар қарамоғидан чиқишга, Ўзбекистондан бутун Иттифоққа, жаҳонга ҳам деяверинг, ахборот беришни рус мухбирининг ихтиёридан олиб ўзбеклар ҳаётини ёритишни маҳаллий миллат вакилига топширишга қилаётган конкрет амалий ҳаракати эди бу.

У пайтда мафкура, маданият, маънавиятда Москванинг қаттиқ таъсири катта эди. Барча марказий газета, радио ва телевидениенинг Ўзбекистонда ишлайдиган мухбирлари Москвадан юборилган, Марказ танлаган ва тайинлаган, маоши ҳам, гонорари ҳам Москвадан бериладиган мухбирлар эди. КПСС Марказий Қўмитасининг органи, шу пайтдаги энг катта, энг обрўли «Правда» газетасининг Ўзбекистондаги мухбири Николай Гладков, СССР Олий Совети Президиумининг органи «Известия» газетасининг махсус мухбири Георгий Димов, КПСС Марказий Қўмитасининг органи «Сельская жизнь» газетасининг мухбири яҳудий бир қария ва бошқа рус журналистлари эди. Улар Москвадан топшириқ олишар, шулар асосида иш режаларини тузишар эди. Москвада тасдиқланган метариалларни тайёрлашарди. Уларга асосан Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг мафкура масалалари бўйича котиби ва Шароф Рашидовнинг ўзларигина кураторлик қилишар, онда-сонда топшириқлар ҳам бериб туришар эди. Сўнгги йилларда Шароф Рашидовнинг ташаббуси билан Москвада чоп этилиб бутун Иттифоққа тарқаладиган газеталарга ҳам маҳаллий кадрларни жалб қилиш сиёсати тутила бошланди. Шу тариқа «Правда» газетасига журналист Йўлдош Муқимов, «Комсомольская правда» газетасига Мирзааҳмад Алимов, Бутуниттифоқ радиосининг «Маяк» ахборот дастурига Эркин Раҳимов, «Учительская газета»га Анвар Усмонов ва бошқа рус тилини яхши биладиган ватанпарвар ўзбек журналистлари мухбир бўлиб тайинланган эди.

Мен СССР Телерадиоқўмитасининг «Время» ахборот дастурига шу кунга қадар ишлаб турган Олег Орловнинг ўрнига биринчи ўзбек телевидение мухбири бўлиб тайинландим. Шу вақтдан Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги, вилоятлар ва туманлар хўжаликларидан бериладиган репортажлар биринчи бор ўзбек мухбир томонидан тайёрлана бошланди. Москва телевидениеси бошловчи ва дикторларини қийнаб бўлса ҳам исми-шарифларимизни тўғри талаффуз қилишга мажбурлаган эдик.

Шу сабабли ҳам мен ўзимни ғурур билан Ўзбекистоннинг Иттифоқ телевизион журналистикасидаги дастлабки қалдирғочларидан бири эдим десам бўлади. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб комил ишонч билан айтаманки, Москвада чиқадиган Иттифоқнинг бошқа оммавий ахборот воситаларига маҳаллий журналистларни тайинлаш ҳам осон кечмаган. Бу катта куч ва ирода талаб қиладиган, ўзлигимизни, ўзбеклигимизни тиклашга хизмат қиладиган оғир ва мураккаб тарих ғилдирагини Шароф ака ҳаракатга келтира бошлаган эди. Менинг Москванинг биринчи ўзбек телевизион мухбири бўлиб тайинланишимни тасодиф деб айтиш мумкин. Мен бўлмасам, бошқа бирон-бир мухбир бўлиши муқаррар эди. Шу сабабли менинг номзодимни тасодиф деб ҳисоблайлик. Лекин бу тасодиф бўлса ҳам, англаб турганингиздек, тагида катта қонуният ётган тасодиф эди.

Шароф ака хоналарида ўтаётган суҳбат чоғида Марказий телевидение ва Бутуниттифоқ радиосига, айниқса, «Время» ахборот дастурига Ўзбекистондан бериладиган материаллар сонини кўпайтириш, республикамизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни қизиқарли қилиб тайёрлаш, вилоят, район ва хўжаликлардан тайёрланган материаллар ҳисобига уларнинг географиясини кенгайтириш, сифатини ошириш, мухбирлар пункти ишини янада такомиллаштириш тўғрисидаги фикрларини билдирдилар.

Одат бўлиб қолган расмий тил билан айтганда, учрашув дўстона руҳда, илиқ вазиятда ўтди. Мен лом-мим демай сукут сақлаб ўтирдим. Бу ижод, тарғибот-ташвиқот соҳасидаги икки йирик давлат раҳбарининг менга бераётган дўстона йўриқлари, маслаҳатлари эди. Анча гапларни айтиб бўлгандан кейин Шароф ака ишимга муваффақиятлар тилади.

Суҳбат тугаганлигини сезиб мен самимий қабул ва тилак-истаклар учун миннатдорчилигимни билдириб ўрнимдан турдим ва қўлимдан келган ишларни амалга оширишга тайёрлигимни билдирдим. Хайрлашар эканман, эшик томон энди йўл олган ҳам эдим, орқамдан Шароф аканинг қандайдир бир алоҳида меҳр, оталарча ғамхўрлик билан айтган сўзлари эшитилди. Бу сўзлар қалбимга бир умрга муҳрланиб қолган. Бу ўгит, Шароф аканинг овози ҳали-ҳануз қулоғим остида янграб турибди:

– Тағин бизни уялтирадиғон ишлар қилиб юрманг!

Мен бу гапларни эшик томон кетаётиб йўлимда сал тўхтаб Шароф ака томон бироз қайрилган ҳолда тик туриб эшитдим. Хўп бўлади, уялтирмайман сизни деган маънода бошимни қимирлатдим ва яна бир бор хайрлашдим-да, у кишининг гап-ўгитлари тугаганлигига ишонч ҳосил қилиб олдиларидан қабулхонага чиқдим.

Мана шу гапларга ҳам салкам 40 йил бўлибди. Этибор берсангиз, Шароф ака бир умрга ёдимда қолган бу учрашувда ўзингни тўғри тут, тағин совға-саломлар олиб юрма ёки шу пайтларда айтилиши урф бўлган коммунистик жамият қурувчисининг ахлоқ-одоб кодексидаги талабларни айтгани йўқ. Ўзининг хонасида иш столи атрофидаги бу қабули, илиқ сўзлари, тилак-истаклари билан биз сизга ишониб шу масъулиятли вазифани топширяпмиз, тағин мени уялтириб қўядиган ишларни қилиб юрманг дея дўстона огоҳлантираётган эди.

Яна хаёлларга толаман. Бу гапларни стол атрофида, ҳамма гаплар қатори даврада ўтирганимизда айтса ҳам бўлар эди-ку. Йўқ, у ерда айтганлари йўқ, у ерда катта ва жиддий гаплар айтилди, мазмунли суҳбат бўлди, масъулиятли ишимда муваффиқиятлар тилади. Ўзбекистондан Иттифоққа, жаҳонга ўрнак бўладиган ажойиб репортажлар тайёрлаб туришим ҳақида гапирди. Журналист одоб-ахлоқига тегишли, тажрибасизлиги сабабли уни бор ҳам қиладиган, йўқ ҳам қиладиган сўнгги муҳим гапни эса қулоққа қўрғошиндек қуйилиб, хотирада бир умрга сақланиб қоладиган ва доимо ёдда турадиган пайтда, олдидан чиқиб кетишим олдидан айтди.

Марказқўм кадрлар бўлими мен ҳақимда махсус хизматлардан албатта маълумотлар олган, Шароф ака ҳам келиб чиқишим, таржимаи ҳолим билан сўзсиз танишган. Қандай хулосага келганлигини билмайман-у, лекин (ўзи оғир ярадор бўлган Иккинчи Жаҳон урушида) менинг отам ҳалок бўлганидан хабардор бўлган бўлса керак. Фикримча, бу бизни бир-биримиз билан яқинлаштирган, орамизда ўзаро боғлаб турадиган қандайдир бир ришта пайдо бўлган деган хаёлга бораман. Шу сабабдан бўлса керак, у киши қазо қилганида ўзимни ушлаб тура олмай, яқин бир одамимнинг елкасига бошимни қўйиб: «Отамдек эди Шароф ака!» – деб кўзларимдан шашқатор бўлиб оққан ёшларни тута олмай қолган эдим.

Эслатмалар:

1) Марказ – собиқ Иттифоқнинг пойтахти – Москва, КПСС Марказий Қўмитаси.

2) «Пушечное мясо» – қўлида тайинли қурол-аслаҳаси бўлмаган ва ўзидан қудратли ҳарбий кучга қарши ташланган аскарлар – бечора, ожиз кучлар русчада ана шундай аталади.

3) Олег Орлов – 1975 – 1988 йиллар СССР Телерадиоқўмитасининг Ўзбекистондаги махсус мухбири. Сўнгра Монголияда, Болгарияда махсус мухбир бўлиб ишлади. Шундан сўнг СССР ВГТРКсининг (Бутуниттифоқ Давлат Телерадиоқўмитаси) «Экран» ижодий бирлашмасида муҳаррир лавозимида фаолият кўрсатди. Лекин у Ўзбекистонда отасининг биқинида имтиёзли муҳитга кўникиб қолганди. Кейин ВГТРКни ташлаб тадбиркорлик билан шуғуллана бошлади. У «Росоружие» идораси билан алоқа боғлаб СССРда ишлаб чиқарилган ҳарбий техника, вертолётларни Африканинг бир қатор давлатларига сота бошлади. Мўмай даромад кўрди. Айтишларича, Калифорнияда Тинч океан қирғоғида катта вилла ҳам сотиб олган. Африканинг қайси бир давлатидан «товар»ни кейин етказиб бериш шарти билан катта маблағ олиб, ҳарбий техника етказиб бермаган. Москванинг «Коммерсантъ» газетаси у ҳақда катта фельетон чоп этган эди. Кейин қинғир ишлари учун устидан жиноят иши қўзғатилади. Қамалади. Озодликка чиқишидан бир-икки кун аввал қамоқхона камерасида номаълум сабабларга кўра ҳалок бўлган деган гап бор.

 
Ирисмат Абдуҳолиқовнинг «Шароф Рашидов. Ҳақиқат ва ривоят» асаридан олинди. 
(Давоми бор. Сайтимизни кузатиб боринг)