Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларни тубдан янгилаш ва модернизация қилиш бўйича ҳар куни, ҳар соатда, ҳар дақиқада тинимсиз изланишлар, саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бирор-бир йўналиш ёки тармоқ йўқки, халқимиз ҳаётини яхшилашга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар кириб бормаган, унинг мазмунини ўзгартирмаган бўлса.

Кейинги тўрт йилда янги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини, халқимизнинг том маънодаги замонавий тарихини барпо этиш йўлида улкан марралар олинди. Натижада инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, саноатга юқори технологияларни жорий этиш, қулай инвестициявий муҳитни яратиш йўлида янги-янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Буни коронавирус пандемиясига қарамай, мамлакатимиз ҳудудларида барпо этилаётган йирик лойиҳалар, улкан саноат қувватлари мисолида яққол кўришимиз мумкин.

4 декабрь – мамлакатимиз тарихига яна бир йирик саноат корхонаси ишга туширилган кун сифатида муҳрланадиган бўлди. Пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманида Тошкент металлургия заводи фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Давлат раҳбари мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу мажмуа очилишини тарихий воқеа, деб атади.

2017 йил февралда ушбу заводнинг қурилишига тамал тоши қўйилган эди. Президентимиз 2018 йил августда бу ерга келиб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Турли синов ва қийинчиликларга қарамасдан, минглаб фидойи инсонларнинг билим ва меҳнати эвазига улкан корхона қад ростлади.

Шавкат Мирзиёев бунга ҳисса қўшган лойиҳачи ва қурувчиларга, хорижий ҳамкорларга ташаккур изҳор этди.

– Биз инновацион иқтисодиётни шакллантириш, замонавий саноат, қулай сармоявий муҳитни яратиш, хорижий давлатлар ва етакчи компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Бугун ҳар жиҳатдан ноёб бўлган Тошкент металлургия заводининг ишга туширилиши бу борадаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий намоёнидир, – деди Президент.

Ушбу завод техник ва технологик таъминланиши жиҳатидан халқаро миқёсдаги энг йирик мажмуалар қаторига киради. Бу ерда 27 та мамлакат, жумладан, Италия, Германия, Россия, Австрия, Швейцария, Жанубий Корея каби давлатларда тайёрланган асбоб-ускуналар ўрнатилган.

Хусусан, корхонада ишлаб чиқариш, технологик жараёнларни автоматлаштириш ва назорат қилиш, режалаштириш ва бошқаришнинг тўрт поғонали тизими жорий этилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Давлатимиз раҳбари янги мажмуанинг иқтисодий самарадорлигига тўхталиб ўтди. Юртимизда қора металлургия ривожланмагани сабабли саноат корхоналари кўп муаммога учрар эди. Энди Тошкент металлургия заводида йилига 500 минг тонна рух ва полимер қопламали металл листлар ишлаб чиқарилади. Бу қурилиш материаллари, маиший техника, электротехника ва озиқ-овқат саноатидаги юзлаб корхоналарнинг эҳтиёжини таъминлаш имконини беради. Илгари бундай маҳсулотлар асосан четдан олиб келинарди.

Келажакда ушбу завод автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари эҳтиёжини ҳам қоплашга хизмат қилади.

Мазкур мажмуада биринчи босқичда импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисобидан 400 миллион долларга яқин маблағ тежалади. Маҳаллийлаштириш даражаси сезиларли ошади.

Мисол учун, сэндвич панеллар ва том ёпиш тунукалари таннархида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг улуши 50 фоиздан 90 фоизгача етади. Шунингдек, бу кўрсаткич вентиляция ва ҳаво тозалаш тизимлари бўйича 30 фоиздан 50 фоизгача, маиший электротехника ишлаб чиқаришда 35 фоиздан 50 фоизгача ошади. Ўз-ўзидан аёнки, бунинг натижасида маҳсулотларнинг нархи арзонлашади. Шунингдек, завод томонидан йилига 90 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.

Мажмуада 700 га яқин киши ишлайди. Лекин, турдош тармоқлар билан бирга ҳисоблаганда, 5 мингта янги иш ўрни ташкил этилиши мумкин.

Завод экологик талабларга жавоб берадиган, “энг яшил” корхоналардан бири экани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда илк бор атроф-муҳитни ифлослантирмайдиган саноат ишлаб чиқариш технологияси ушбу заводда ташкил этилган.

Бу завод дунёдаги илғор корхоналар сингари маҳсулотлари сифати ва ишлаб чиқариш харажатларининг пастлиги билан ажралиб туради. Шу билан бирга, у бозордаги мавжуд энг сўнгги 4.10 технологиясидан фойдаланилган ҳолда, ўзидан чиқиндиларни умуман  чиқармайдиган, тўлиқ автоматлаштирилган, интеллектуал завод эканини таъкидлаш лозим.

Бутун дунёда бундай технологик жиҳатдан ривожланган заводлар техник мутахассисларнинг янги авлодини шакллантиради. Шунингдек, дунёдаги энг ривожланган корхоналар қаторида янги маданиятни яратиб, ўзбек металлургияси ва технология ҳамжамиятининг нуфузини оширади.

Тез орада янги корхона Бекободдаги металлургия комбинати билан яқин ҳамкорликда фаолият юритади. Бугунги кунда Бекободда қиймати 800 миллион доллар бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда – 1 миллион тонна маҳсулот чиқариш қувватига эга қуюв-прокат мажмуаси барпо этиляпти. Унинг маҳсулотлари Тошкент металлургия заводи учун хомашё бўлади. Шунинг ўзи рух ва полимер қопламали листларнинг маҳаллийлаштириш даражасини 90 фоизга етказиш имконини беради.

– Ҳаракатларимизнинг асосий мақсади яқин йилларда яхлит, “нолдан тайёр маҳсулотгача” бўлган металл ишлаб чиқариш кластерини яратишдан иборат, – деди Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида.

Давлатимиз раҳбари завод Тошкентда яқинда ташкил этилган Янги ҳаёт туманида иш бошлаётганига эътибор қаратди. Корхонада муҳандис, лойиҳачи, металлург ва бошқа мутахассисларнинг янги авлоди шаклланаётгани, бу эса келажакда бошқа замонавий корхоналар учун мустаҳкам пойдевор бўлишини таъкидлади.

– Эсларингизда бўлса, биз коронавирус пандемиясидан кучли, қудратли бўлиб чиқамиз, деб мақсад қўйган эдик. Бугун бу мураккаб йил якунига етаётганда айтишимиз мумкинки, барча саъй-ҳаракатларимиз ижобий натижасини беряпти. Кўряпсизлар, дунёда нима бўляптию, Ўзбекистонда нима бўляпти. Худо хоҳласа, шу ойнинг охирида метрополитеннинг Сергели йўналишини ҳам очамиз. Илоҳим, мана шундай яхши кунларимиз кўп бўлсин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тошкент металлургия заводи – замонавий ахборот технологиялари ва металлургия соҳасидаги энг сўнгги ютуқларни мужассам этган ноёб корхонадир. Бу ерда маҳсулот сифати халқаро стандартлар талабларига тўлиқ жавоб беради. Чунки сифат назорати ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичида ва заводнинг ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқарилган технологиялар билан жиҳозланган марказий лабораториясида амалга оширилади. Ушбу лабораторияда барча ишлаб чиқариш жараёнлари ва стандартлари мунтазам текшириб борилади, металл прокат ва маҳсулотларнинг хоссалари баҳоланади, олиб келинаётган хомашё ва материалларнинг технологик сифати кириш назоратидан ўтказилади.

Корхонада дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан бири – Италиянинг “Даниели” компанияси ускуналари ўрнатилган. Бош лойиҳачи ва пудратчи – Россиянинг металлургия соҳасидаги энг йирик инжиниринг компанияларидан бўлган “Метпром” компаниялар гуруҳидир.

Тадбирда Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни, йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаётгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

– Сизларни ушбу ажойиб воқеа, замонавий саноат корхонасининг очилиши билан табриклайман. Мамлакатларимизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли жуда муҳим лойиҳа ишга туширилди. Лойиҳани амалга оширишда ўттиздан ортиқ корхоналаримиз, минг нафардан зиёд турли йўналишдаги юксак малакали мутахассислар жалб қилинди. Биз бундан буён ҳам Ўзбекистонда кенг миқёсли лойиҳаларни амалга ошириш ва қўшма кооперацияни ривожлантиришда иштирок этишга тайёрмиз. Фурсатдан фойдаланиб, келаси йил апрелда Тошкентда «Иннопром» халқаро инвестиция ва саноат кўргазмаси ўтказилишини айтмоқчиман. Унда Россия ва Ўзбекистон корхоналари, шунингдек, мамлакатингиз саноатини ривожлантиришдан манфаатдор хорижий  компаниялар иштирок этиши мумкин. Ушбу кўргазма янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқишга хизмат қилишига ишонаман, – деди Д.Мантуров.

– «Метпром» компаниялар гуруҳи сўнгги беш йилда 50 дан ортиқ  йирик металлургия корхоналари қурилишида иштирок этди. Тошкент металлургия заводи Марказий Осиёдаги энг замонавий ва илғор завод ҳисобланади. Бундай корхонани қуришни бизга топширгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматига миннатдорлик билдирамиз, – деди «Метпром» компанияси директорлар кенгаши раиси Станислав Лазуткин. – Ушбу лойиҳа Ўзбекистон металлургия тармоғи учун жуда зарур. Лойиҳа қисқа муддатда амалга оширилди, афсуски, қурилиш-монтаж ишларининг авж палласи пандемия даврига тўғри келди. Биз коронавирус таъсири минимал бўлиб, лойиҳанинг муддати ва нархига таъсир қилмаслигини таъминлашда ҳар қандай ёрдамни аямаганингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Ишончли шерикларсиз бундай кўламли лойиҳани амалга ошириш имконсиз. Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистон саноатида улкан ўзгаришлар юз берди, бу бизни қувонтиради. Тошкент металлургия заводи мамлакатнинг ривожланиб бораётган иқтисодиётида муносиб ўрин эгаллайди.

– Бугун биз Ўзбекистон учун муҳим стратегик лойиҳанинг биринчи босқичини якунладик. Бу улкан янгиланишлар кетаётган бугунги шароитда Ўзбекистон ҳукумати томонидан белгилаб олинган мақсадларга тўла мос келади. Ушбу лойиҳа ва биз Бекободда амалга ошираётган иккинчи босқич – қуюв-прокат мажмуаси орқали Ўзбекистондаги фаолиятимизни кенгайтирамиз, юртингизнинг технологик имкониятларини юксалтирамиз. Ривожланиш, иш ўринлари яратиш ва савдо-иқтисодий алоқалар нуқтаи-назаридан фойда келтирадиган мамлакатингизни импорт қилувчидан экспорт қилувчи давлатга айлантирамиз,  – деди Италиянинг «Даниели» компанияси бош директори Даниели Жакомо Марески.

– Бугун Янги ҳаёт тумани тарихидаги энг қувончли воқеага гувоҳ бўлиб турибмиз. Ўзбекистон учун жуда муҳим аҳамиятли завод туманимизда барпо этилгани бизни чексиз қувонтирди, – деди меҳнат фахрийси Искандар Ҳайитов. – Бу ерда завод учун зарур инфратузилма, уй-жойлар, боғчалар, мактаблар, маиший хизмат объектлари қурилди. Бошқача айтганда, ҳаётдан рози бўлиб яшаш, ишлаш учун ҳамма қулайликлар яратилди. Кўплар шу корхонага ишга жойлашди. Бундан туманимиз аҳолиси жуда хурсанд.

– Москвада ўқиб юрганимда Тошкент металлургия заводи қурилиши ҳақида эшитгандим. Ўқишни тугатгандан сўнг биринчилар қатори шу ерга ишга жойлашдим, – деди корхонанинг ёш оператори Жасур Азимов. – Биз технологик жараённи бошқариш учун Россиянинг кўзга кўринган металлургия комбинатларида малака оширдик. Энди ўрганганларимни ушбу заводдаги иш фаолиятимда қўллайман.

Шундан сўнг Тошкент металлургия заводи фаолиятига старт берувчи рамзий тугма босилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Тошкент металлургия заводидаги технологик жараён билан танишди.

Ушбу корхона техник ва технологик жиҳатдан халқаро миқёсдаги йирик мажмуалар қаторига киради.

Мажмуа мутасаддилари ишлаб чиқарувчилар билан йўлга қўйиладиган кооперация алоқалари ҳақида маълумот берди. Завод маҳсулотларига ҳозирнинг ўзидаёқ ўнлаб корхоналардан буюртмалар тушаётгани айтилди.

– Металл муаммо бўлгани учун саноатда занжир йўқ эди. Бу завод ишга тушиши билан талаб юқори бўлган металлургия маҳсулотини ишлаб чиқариш занжири шаклланади. Ҳудудларда яна юзлаб корхоналарнинг барпо этилиши учун жуда катта замин бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари заводнинг шоурумида ҳам бўлиб, бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.

Эсдалик учун дарахт кўчати экилди.

Мухтасар айтганда, миллий иқтисодиётимизнинг металлургия маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашда улкан тарихий қадам қўйилди. Янги завод жадал суръатлар билан ривожланиб, саноатимиз локомотивларидан бирига айланади. Президентимиз таъкидлаганидек, Тошкент металлургия заводи янги Ўзбекистоннинг янги ва ёрқин саҳифаси бўлиб қолади.

З.ЖОНИБЕКОВ,

М.ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА мухбирлари