Ўзбек миллий академик драма театри жамоаси Қорақалпоғистон Республикасида ижодий сафарда бўлмоқда.

Ташриф давомида театр жамоаси драматург Иззат Султоннинг “Имон” ҳамда қорақалпоқ ёзувчиси Ўразбой Абдураҳмановнинг “Ўжарлар” спектаклларини томошабинлар назарига тақдим этишни режалаштирган. Ушбу саҳна асарларини Ўзбекистан Республикасида хизмат кўрсатган артист Марат Азимов саҳналаштирган.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида ижодий сафарнинг очилиш маросими бўлди. Тадбирда Ўзбекистан халқ артисти Ёқуб Аҳмедов ва бошқалар икки театр жамоаси ўртасидаги ижодий алоқаларга тўхталишди. Мазкур спектакллар ўзбек ва қорақалпоқ халқининг ижодий маҳсули сифатида, бир вақтнинг ўзида икки тилда томошабинлар ҳукмига ҳавола этилади.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.

Шу куни Иззат Султоннинг “Имон”спектакли намойиш этилди.

Ўзбек миллий академик драма театри жамоасининг ижодий сафари 2 декабрга қадар давом этади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА