Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Вашингтон шаҳрида АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Мэтью Поттингер билан учрашди.

Тадбирда давлат раҳбарининг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси, миллий хавфсизлик бўйича вице-президент маслаҳатчиси Кейт Келлог ва президент ёрдамчиси, Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директори Лиза Кертис ҳам иштирок этди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон – АҚШ алоқалари изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли сўнгги йилларда икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги барча соҳаларда сезиларли ютуқларга эришилди.

Томонлар сиёсий мулоқот кўламини кенгайтириш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашдилар.

Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш масаласи муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Оқ уй вакили Ўзбекистоннинг АИРда тинчлик музокараларини илгари суриш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тиклашга қўшаётган ҳиссасини эътироф этди. Пандемия пайтида кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами, мамлакатни минтақа давлатлари билан интеграциялашуви мунтазам қўллаб-қувватланаётгани олқишланди.

Ҳозирги вазият Афғонистонда энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги муҳим лойиҳаларни молиялаштиришнинг мақбул йўли, манбаларини топишни талаб этиши алоҳида таъкидланди.

Мажлисда умумий кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.

ЎзА