Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасидан хабар беришларича, америкалик дипломатга мамлакатимизда хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Гендер тенглигини таъминлаш бўйича махсус комиссия фаолияти ҳамда ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар мезбонларда жиддий қизиқиш уйғотди.
Учрашув чоғида Келли Кюрри Ўзбекистон ҳукумати томонидан гендер тенглигини таъминлаш, аёлларни мамлакат жамоат ва сиёсий ҳаётига кенг жалб қилишни рағбатлантириш борасида олиб борилаётган амалий ишларни юқори баҳолади. Шунингдек, у Ўзбекистонда Афғонистон аёллари учун таълим дастурларини амалга ошириш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлади.
Америка томонининг таъкидлашича, АҚШ ҳукумати мамлакатимизда юз бераётган кескин ижобий ўзгаришларни олқишлайди. АҚШ экспертларининг фикрига кўра, айни ислоҳотлар аллақачон нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ўстиришнинг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучига айланган.
Музокара давомида Ўзбекистон илғор давлат барпо этиш жараёнида аёлларнинг ҳар томонлама иштирокини рағбатлантириш бўйича намуна бўлаётгани таъкидланди.
Келли Кюрри жорий йил 23 октябрь куни АҚШ Давлат департаменти томонидан ташкил этилган «Аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга даъват» халқаро форумида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева фаол иштирок этиб, нутқ сўзлагани учун самимий миннатдорлик билдирди.
Элчининг сўзларига кўра, хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисида Ўзбекистон – Америка қўшма баёноти қабул қилиниши ушбу соҳадаги ўзаро муносабатларда навбатдаги бурилиш нуқтаси бўлди. Вашингтон Тошкентга БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик бўйича резолюциясини амалга оширишга доир Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишда ёрдам беришга тайёр.
Америка дипломати бугунги кунда Ўзбекистонда республика ривожига салмоқли ҳисса қўшаётган етакчи аёллар кўплигидан хабардорлиги, қолаверса, жорий йил декабрь ойида юртимизга ташриф буюриб, икки мамлакат ўртасидаги гендер масалалари бўйича ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболини муҳокама қилиш ниятида эканини изҳор қилди.
ЎзА