Фермер ҳокимлик босими билан гўштни 36 мингдан сотгани ростми?

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги «Ахун ота» фермер хўжалиги раҳбари Азамат Ажимуратовнинг туман ҳокимлиги босими билан 12 та қорамолини сўйиб 36 минг сўмдан сотишга мажбур бўлгани ҳақидаги хабар тарқалди.
Хўжайли туманида ўтказилган матбуот анжуманида ушбу ҳолат бўйича изоҳ бериш сўралганда, туман ҳокими Женис Ермашев буни инкор этди:
– Туман ҳокимлиги томонидан тадбиркорга, фермерга босим ўтказилиши мумкин эмас. Мен унга йўл қўймайман. Чорвачилик фермерига, қишлоқ хўжалиги корхонасига ёрдам бериш нуқтаи назаридан уларга ер ажратилганда уларга ҳам вазифа юкланади. Яъни, улар ер олганда: «мен бозорни арзон гўшт билан, арзон балиқ билан таъминлайман» деб ўзига вазифа олади. Тўғри, ҳокимликнинг вазифаси – халқни арзон ва сифатли гўшт билан таъминлаш, лекин у босим ўтказиш йўли билан, дегани эмас, – дейди ҳоким.
Хўжайли тумани деҳқон бозори юристи эса бозордаги ярмаркага иштирок этувчи фермерлар рўйхати шаклланганлигини, аммо 2019-2020 йиллар давомида «Ахун ота» фермер хўжалиги ушбу арзонлаштирилган ярмарка савдоларига иштирок этмаганлигини маълум қилди.
photo_2020-10-19_15-42-14.jpg
photo_2020-10-19_15-42-16.jpg
photo_2020-10-19_15-42-15.jpg
photo_2020-10-19_15-42-13.jpg

 

Е.Қаноатов, М.Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА