Санъат шунақанги қудратли кучга эгаки, у халқимиз, айниқса, келажак авлодни Ватанпарварлик, мустақиллик ғояларига садоқат рухида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Айни пайтда муҳтарам Президентимиз томонидан ушбу саҳога катта эътибор қаратилиб, санъатни ривожлантириш, ижод аҳлини ва ушбу саҳога эндигина кириб келаётган ёш иқдидор эгаларини қўллаб-қувватлаш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу ёш ижодкорларга ўз иқтидорини намоён қилиш учун уларга ҳомийлик қилиш ташаббусларининг кўрсатилаётгани бизни ўз келажагимиз, саньатга, унинг тимсолида миллатимизнинг мангу яшашига хизмат қиладиган савобли ва эзгу ишларни амалга оширишга ундамоқта.

Европада санъатнинг тараққий этишига ҳомийлик қиладиган инсонларни меценат деб аташадилар. Бунақа инсонлар бизда, яъни қорақалпоқ заминида ҳам учрайди, албатта. Тарихий-маданий қадимий эсдаликларга жуда бой элликқалъалик Ҳажибой Сатлиқов мана шунақа қалб кўзи уйғоқ, санъатга алоҳида меҳр қўйган, ошиқ кўнгил ва гўзал инсоний фазилатларга эга инсондир.

Унинг Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Татарстон ва Туркманстон халқ артисти Отожон Худайшукуров ижодига алоҳида қизиқиши болалик чоғидаёқ уйғониб, ўз ижодий фаолияти давомида у яратган ноёб куй-қўшиқларни келажак авлодга янада тарғиб қилишда 1999 йил ташкил этилган «Отожон Худайшукуров» номидаги давлат фонд ҳайъати фаол аъзоси сифатида сермаҳсул хизмат қилиб келмоқда. Мана шу йилдан буён Элликқалъа туманида ушбу булбул овоз хотирасига бағишлаб ҳар икки йилда «Нафосат бўстаним менинг» номли республика кўрик-фестивали кенг миқёсда ўтказилиб келинмоқда.

Биродар ўзбек-қорақалпоқ санъати ва адабиётида Отожон Худайшукуров ва Ўзбекистон Қаҳромони, Халқ шоири Ибройим Юсуповнинг тутган ўрни беқиёсдир. Шунингдек икки ижодкор, яъни сўз устасининг қаламига мансуб «… Қорақалпоқ-Хоразмдан эсар жайҳун шамоллари» деган сатрларга эга, ҳофиз ижросидаги, кунгилларни тўлқинландириб, Ватан туйғуси ила халқлар дўстлигини тараннум этадиган «Жайҳун шамоллари» ашуласи бугун ҳам келажак авлодлар учун маданий озуқа вазифасини ижро этмоқда.

Элликқалъа туман Маданият ва аҳоли дам олиш марказидан Х.Сатлиқов ташаббуси билан 2009 йил ташкил этилган ашула ва рақс  ансамблига «Жайҳун шамоллари» номининг берилишида ҳам мана шундай рамзий маъно бордир, албатта.

Талабчан ташкилотчи ўтган қисқа йиллар давомида ансамбль ижодий фаолиятини янада ривожландириш, унинг репертуарини янги асарлар билан бойитиш, ансамбльга иқтидорли ёшларни жалб этиш, республика миқёсидаги кўрик-танловларга олиб чиқиб, уларнинг истеъдодини халқимизга намоён этишда салмоқли ишларни олиб борди. Ўз навбатида бу ижодий жамоа самарали натижага эришиб, ансамбль Ўзбекистон Республикасида ўтказилган қатор кўрик-танловларда фаҳрли ўринларни қўлга кирита бошлади. Бунинг тасдиғини биз «Жайҳун шамоллари» ансамблининг орадан ҳеш қанша вақт ўтар-ўтмасдан «Халқ ансамбли» мақомини олганида  яққол кўришимиз мумкин.

Кўп қиррали устознинг ижоди телевидение билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. У бир неча йилдан буён маҳаллий туман («ЭТВ») телевидениесида маданият ва санъат бўлимига раҳбарлик қилиб, ёш ижодкорларга бағишланган қатор кўрсатув, жумладан О.Худайшукуров хотирасига бағишланган теле лойиҳалар билан танловларга ҳомийлик қилиб келмоқда. Бу борада қўшни Хоразм ва Қорақалпоғистон давлат телевидениесида ташкил этилиб келинаётган турким кўрсатувлар ҳам шулар жумласидандир.

Ушбу ўринда ташкилий қобилияти юқори бўлган Х.Сатлиқовни Қорақалпоқ ва Хоразм халқи ўртасидаги маданий алоҳаларни мустаҳкамлашда фаоллик кўрсатиб келмоқда, десак айни ҳақиқат бўлади. Чунки у бир неча йиллардан буён ўзи раҳбарлиқ қилаётган  «Жайҳун шамоллари» ансамбли билан Хоразм шаҳрида бўлиб ўтадиган турли хотира кечалар ва кўрик-танловларда фаол  иштирок этиб келаётир. Жорий йил Хоразмда бўлиб ўтган К.Отаниёзов хотирасига бағишланган хотира кечасида ансамбльнинг республика номидан иштирок этиши фикримизнинг яққол тастиғидир.

Шунингдек Элликқалъа тарих ва археология музейи бугун халқимиз ва юртимизга келаётган сайёҳлар эътиборини ўзига тортмоқда. Республика «Олтин мерос жамғармаси» Қуйи Амударё ҳудуди бўйича жамоа вакили сифатида ҳам фаолият юритаётган Х.Сатлиқов ташаббуси билан ушбу музейда тарихий Хоразм заминида туғилиб ўсган, О.Худайшукуровнинг устози, беназир  иқтидор эгаси К.Отониёзовга бағишланган экспонатлар бурчагининг ташкил этилгани ҳам унинг навбатдаги санъат, халқимиз ва келажак авлод учун қилган ҳомийлик ишларини яна бир бор ифода этди.

Кейинги пайтлар Юртбошимиз томонидан китоб маҳсулотларини чоп этиш ва китобхонликни жорий этиш баросида бир қанша тадбирлар амалга оширилмоқда. Х.Сатлиқовнинг бир-бири билан чамбарчас боғлиқ санъат билан бирга адабиётга, жумладан китоб ўқишга ҳам қизиқиши баланд. Киндик қони томган она заминга шексиз муҳаббат, тарих, аждодлар меросини ўрганишга бўлган чуқур қизиқиш уни ўзи туғилиб вояга етган Сарибий қишлоғи ҳақида асар ёзишга илҳомландирди. Натижада 2011 йил унинг «Сарибий тарихидан лавҳалар» номли илк китоби чоп этилди.

Сўзимиз якунида ижодий фаолияти мобайнида «Ўзбекконцерт» давлат муассаси ҳудудий туман бўлими, Элликқалъа туман Маданият бўлими ва ушбу саҳонинг турли жабҳаларида беминнат хизмат қилиб, халқ, айниқса, санъат саҳосига эндигина кириб келаётган ёш авлодга устозлик қилиб келаётган Х.Сатлиқов деярли олтмиш ёшга кирган бўлса ҳамки ҳали бетиним ижодий изланишда. Жорий йил ташкил этилганига қирқ йил тўлган Элликқалъа туманининг қутлуғ байрам тўйида гўё қирқдаги қирчиллама йигитлардек чопқилаб хизматда юргани унга жуда ярашади. Орамиздаги шунақа инсонларнинг ижобий саъй-ҳаракатлари ҳар биримизга ибрат бўлишига шубҳа йўқ, албатта.

 

 

Ч.ЕЛМУРАТОВ,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги